14 январь-Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Миллий гвардия тизимидаги ҳарбий қисм ва таълим муассасаларида Маънавият ва маърифат марказлари фойдаланишга топширилди
Сўнгги йилларда Республикамизда маънавий-маърифий соҳаларда катта ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ жойларда маънавият ва маърифат марказлари ташкил этилиб, уларда ёшлар учун бир қатор тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, миллий қадриятларимиз, урф-одат ва санъатни, халқ оғзаки ижодини ўрганишга шароитлар яратилмоқда.
Хусусан, 2023 йил 22 декабрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида жорий йилда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, мазкур йўналишда режалаштирилган устувор масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, Маънавият-маърифат соҳасида эришилган ютуқлар алоҳида эътироф этилди.
Миллий гвардия тизимида ҳам бугунги кунда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигига алоҳида эътибор қаратиб келинаётганлиги фикримиз далилидир. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, курсант ва ўқувчиларнинг ҳар томонлама билимли, маънавий етук бўлишлари учун манзилли равишда тадбирлар ташкил этилаяпти. Шу аснода таълим муассасалари, ҳудудий бошқармалардаги ҳарбий қисмларда янги қуриб фойдаланишга топширилаётган маънавият ва маърифат марказлари эса айни мақсадларга хизмат қилаяпти десак муболаға бўлмайди.
Жамоат хавфилиги университети ва Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ҳарбий қисмларидан бирида очилиш маросими бўлиб ўтган ана шундай маънавият ва маърифат марказлари ушбу тадбирларнинг навбатдагиси ҳисобланади. Мазкур марказларнинг тантанали очилиш маросимида Миллий гвардия қўмондонлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, фахрийлар, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ва ўқувчи ёшлар иштирок этишди. Унда сўз олганлар ушбу марказ албатта ёш авлоднинг энг севимли маскани бўлишига ишонч билдиришди.
Тадбир доирасида бир қатор ҳарбий хизматчилар хизматда эришган ютуқлари учун рағбатлантирилди. Шундан сўнг меҳмонлар бинода яратилган шароитлар билан танишишди. Руҳий енгиллаштириш, шахмат-шашка, китоб мутолаа қилиш, мусиқа чолғуларида ижро этиш хоналари, фаоллар зали кабилар айниқса тадбир иштирокчиларида катта таъсирот қолдирди.