МЕҲРИБОНЛИК УЙИ ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ва Қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан Хўжайли туманидаги «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларининг ёзги таътил вақтларини мазмунли ўтказиш ва уларнинг дам олиш кунларида маданий ҳордиқ олишини таъминлаш мақсадида, «Биз ҳам ҳарбий бўламиз!» шиори остида маданий тадбир ташкил этилди.
Мазкур тадбирда Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси бошлиғи ёшларга ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тушунтириб, уларни мунтазам равишда спорт билан шуғулланишга ва кўплаб китоблар ўқишга чақирди.
Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар ёшларни қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан таништириб ўтди.
Ўтказилаётган бу каби тадбирлар ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.