Миллий гвардия Тошкент Темурбеклар мактабида "Ёш гвардиячилар" ҳарбий-спорт мусобақасининг республика босқичи бўлиб ўтмоқда.
Мамлакатимизда ўқувчи ёшларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, Миллий гвардия бўлинмаларида хизмат қилишга қизиқтириш ва босқичма-босқич тайёрлаб бориш, ўқувчи ёшларда мардлик, жасурлик, шижоат ва қатъият туйғуларни шакллантириш ҳамда Ватанга ва Президентга садоқат руҳида, Миллий гвардиянинг шонли ва жанговар анъаналарининг давомчилари этиб тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 20-22 май кунлари Миллий гвардия Тошкент Темурбеклар мактабида ўтказилиши режалаштирилган "Ёш гвардиячилар" ҳарбий-спорт мусобақасига бугун старт берилди.
Мазкур мусобақада иштирок этиш учун республикадаги умумтаълим мактабларининг 9-11 синф ўқувчилари орасидан жисмонан соғлом, интеллектуал ва интизом борасида энг фаол ўқувчилар орасидан жамоалар шакллантирилди.
Мусобақа қоидаларига кўра ўқувчи ёшлар, билимдонлар беллашуви, саф тайёргарлиги, кўргазмали қўл жанги чиқиши, заҳарланган ҳудуддан ўтиш, ўқ дориларни белгиланган жойга етказиш ва ўқдонга жойлаш, камондан отиш, сувли тўсиқдан ўтиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби шартлар бўйича ўзаро беллашишмоқда.
Ушбу мусобақа Миллий гвардия, Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий ва ҳудудий Кенгашлари ҳамкорлигида ташкиллаштирилди.