Миллий гвардия марказий девонида “Жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш” мавзусида ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов, Ҳарбий прокурор ўринбосари адлия полковниги О.Холбоев, Ҳарбий суд раиси С.Эшонқулов, бошқарма бошлиқлари ҳамда ZOOM платформаси орқали ҳудудий бўлинма бошлиқлари ва шахсий таркиб иштирок этди.
Йиғилиш давомида тизимда 2023 йил давомида қонунчилик ҳужжатларининг юритилиши ва интизомга риоя этилганлик ҳолати борасида амалга оширилган ишлар ва мазкур йўналишларда йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинди.
Шунингдек, сўз олганлар ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар ўз-ўзидан содир этилмаслигини, асосий масала унинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, бунинг сабаб ва шарт-шароитларини ўз вақтида бартараф этиш ҳамда профилактика хизматлари фаолиятини тўғри ташкил этилишини таъминлашдан иборат эканлигини эътироф этишди.
Тадбир якунида ҳарбий хизматчи ва ходимлар орасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарурий кўрсатмалар берилиб, тегишли чоралар белгиланди.