Миллий гвардия қўмондонининг 14 январ-Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчи ва ходимлар, хизмат вақтида халок бўлганлар ҳамда уларнинг оила аъзоларига, шунингдек тизим фахрийларига байрам табриги нутқидан
Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимларини, таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини, курсант ва ўқувчиларини, соҳа фахрийларини, ишчи-хизматчиларни ҳамда уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрами билан самимий табриклайман.
Сўзим аввалида, Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида “Ўзбекистон деб аталмиш катта ва иноқ оиланинг ҳар бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш йўлида тинимсиз изланяпмиз” деб айтган сўзларида эслатиб ўтмоқчиман.
Дарҳақиқат, тинч ва осойишта юртдагина ислоҳотлар амалга оширилади, тараққиёт ҳамда юксалиш бўлади. Шу боис, охирги етти йилда Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда кенг ислоҳотлар амалга оширилиб, давлатимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини ҳимоя қилишга қодир тизим яратилди.
Миллий гвардия тизимида ҳам туб ислоҳатлар амалга оширилиб қисқа вақт ичида жамоат хавфсизлигини таъминлашда республикамизда муҳим бўғинга айланди.
Бунинг учун Миллий гвардия бўлинмалари зарур бўлган барча замонавий қурол-аслаҳа, техника, махсус ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланди.
Шахсий таркибнинг жанговар ва руҳий кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида, ўқув дастурлари, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларининг 50 фоизи қайта кўриб чиқилиб, ўзгартирилди.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида илғор ҳорижий давлатлар тажрибалари ўрганиш учун 2022 йил мобайнида хорижий ҳамкорлар 23 та давлат ва 8 та халқаро ташкилотлар билан биргаликда жами 216 та халқаро ҳамкорлик тадбирлари ташкил этилди.
Беларусь ИИВ, Туркия Жандармерияси ва АҚШ Қуролли кучлари Махсус бўлинмаси мутахассислари иштирокида мамлакатимизда 8 та амалий ўқув тренинглар, 3 та қўшма амалий ўқувлар, бошқа хорижий давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари вакиллари билан 61 та ўқув машғулотлари ўтказилиб, 833 нафар ҳарбий хизматчиларнинг малакаси оширилди.
Ҳозирда шахсий таркибнинг тайёрлаш қамровини янада кенгайтириш учун хорижий мутахассисларни таклиф этиб, машғулотларни бўлинмаларнинг ўзида ташкил этиш йўлга қўйилди.
Бу Миллий гвардия бўлинмаларининг жанговар салоҳияти ва вазиятнинг кескин ўзгариш жараёнларида тезкорлик билан таъсир кўрсатиш имкониятлари ошишига хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 ноябрь кунидаги 27-сон Фармонига асосан, ҳозирда Миллий гвардия бўлинмалари Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги 163 та бозорлар, 48 та хиёбонлар, 58 та истироҳат боғлари, шунингдек, оммавий тадбирлар ўтказиладиган 245 та объектларда жамоат тартибини сақлаш вазифаларини мустақил равишда бажариб, ижобий натижаларга эришилмоқда.
Бунга ўтган йили ўтказилган нуфузли Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқанд саммитини юқори савияда, хавфсиз ўтказилишини таъминлашда Миллий гвардия шахсий таркибининг хизматларини алоҳида эътироф этиш лозим.
Шу асосда Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти бошқармасида янги туризм объектларини хавфсизлигини таъминлаш бўйича бўлимини ташкил этдик.
Яна бир муҳим вазифаларимиздан бўлган криминоген вазиятли маҳаллаларда ҳамкор вазирлик ва идоралар билан олиб борган самарали ишлар натижасида 5401 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатилди, 3768 нафар ишсизларнинг бандлиги таъминланди, шулардан 413 нафари уюшмаган ёшлардир.
2022 йилнинг ўзида 138 нафар темир дафтарда, 193 нафар ёшлар дафтарида, 208 нафар аёллар дафтарларида рўйхатда турганлар ҳисобдан чиқарилди.
Бунда, Миллий гвардиянинг асосий бўғини бўлган Қўриқлаш тизими ходимларининг ўрни беқиёсдир.
2022 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши, Қўриқлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда кенг имкониятлар яратиб берди.
Натижада, ўтган йил давомида қўриқловдаги объектлар сони 20 фоизга (43 049 тадан 49 812 тага), хонадонлар сони 45 фоизга кўпайиб (16 759 тадан 24 256 тага) жами 74 000 дан ортди.
Ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш самарадорлигини ошириш мақсадида, 6 та вилоятларнинг 11 та туманларида Қўриқлаш хизматининг муниципал қўриқлаш-патруль гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди.
Қўриқлаш бош бошқармаси ва Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармасида замонавий Ситуацион марказлари ташкил этилиб, жамоат хавфсизлигини таъминлашда ҳамкор вазирлик ва идораларнинг куч-воситаларни самарали бошқариш, вазиятга тезкор таъсир кўрсатиш тизими яратилди.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Бугунги кунда юқори натижаларга эришишда кадларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муҳим саналади.
Шу боис, Миллий гвардия тизимидаги таълим муассасаларини илғор халқаро стандартлар асосида шакллантириб, етук кадрларни етказиб бериш тизимини йўлга қўйдик.
Марказий Осиёда ягона ва илмий салоҳияти бўйича республикамизда етакчилардан бири Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида барча куч тузилмалар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун профессионал кадрлар тайёрланмоқда.
Миллий гвардиянинг ихтисослаштирилган ўқув маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Фарғона ва Тошкент минтақавий ўқув марказларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилиб, 2022 йилда 8107 нафар етук кадрлар тайёрланиб, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга етказиб берилди. 2023 йилда 11913 нафар кадрларни ўқитиш режалаштирилган.
Бундан ташқари ёш кадрлар захираси бўлган Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи фаолияти такомиллаштирилиб, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 3 августдаги 344-сон қарори билан лицейнинг қабул квотаси 100 тадан 150 тага оширилди. Ўтган йилда Темурбеклар мактабини тамомлаган 106 нафар ўқувчиларнинг 92 фоизи Республиканинг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди ва республикадаги энг юқори кўрсаткичга эга бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16-февралдаги 129-сон қарори билан Миллий гвардия Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий мусиқа академик лицейи сифатида қайта ташкил этилиб, ҳозирги кунда 5-9-синфларида 347 нафар, 1-курсда 31 нафар, 2-курсда 21 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда.
Бундан ташқари республикамиздаги 56 та мактабларда ҳарбий-ватанпарварликка ихтисослаштирилган 273 та синфлар жорий этилиб (7,8,9,10,11-синфларда), бунда 7267 нафар ўқувчилар махсус дастурлар асосида тайёрланмоқда.
Дархақиқат, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш долзарб ҳисобланиб, бу борада ёшларни бўш вақтларида спорт билан шуғулланишларини таъминлаш учун 2021 йилдан ҳозирги кунга қадар спорт секциялар сони 68 000 дан 82 267 тага оширилди, бунга 2 миллион 400 дан ортиқ ёшлар жалб этилди.
Миллий гвардия тизимида спортнинг Камондан отиш, от спорти ва қўл жанги турларини оммалаштириш ва ривожлантириш натижасида спортчиларимиз республика ва халқаро ареналарда фахрли ўринларни қўлга киритмоқдалар. Шу ўринда, куни кеча мамлакатимизнинг куч тузилмалари биринчилиги учун ўтказилган Қўл жанги мусобақасида Миллий гвардия жамоаси илк бор фахрли 2 ўринни эгаллади.
(2022 йилда республика миқиёсида 44 та олтин, 31 та кумуш, 38 та бронза медаллар, жаҳон ареналарида 14 та олтин, 8 та кумуш ва 6 та бронза медаллар қўлга киритилган).
Яна бир мухим масала, Давлатимиз раҳбари томонидан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий муҳофазасини таъминлаш ва оила муҳитида баркамол бўлиб вояга етишлари учун шароитлар яратиш бўйича Миллий гвардияга топширилган масъулиятли вазифалар ижроси тўғрисида айтиб ўтиш ўринлидир.
Республикамизда мавжуд меҳрибонлик уйлари ва болалар муассасаларидаги 2243 нафар тарбияланувчиларнинг оила бағрига қайтарилганлиги, 21 та Меҳрибонлик муассасаларининг фаолияти тугатилганлиги катта натижа ҳисобланади.
Қолган 3 та Меҳрибонлик муассасасидаги 275 нафар тарбияланувчи ҳамда 9 та Болалар уйларидаги 326 нафар болалар ҳамда 138 та Оилавий болалар уйларидаги 824 нафар тарбияланувчиларга алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг мукаммал тарбияланишлари учун шароитлар яратиб бериш бизнинг асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Миллий гвардия тизимида ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг ижтимоий ҳимоялаш, яшаши ва хизмат ўташи учун қулай шароитларни яратиш муҳим ҳисобланади.
2022 йилда 61 та бино ва иншоотларда капитал қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди, 3 та хизмат уйлари фойдаланишга топширилди.
Янги барпо этилиб топширилган 3 та “Маънавият ва маърифат маркази”, 4 та спорт зал ҳамда “Ёшлар инновацион маскани” ва “Болалар психологияси маркази” ходимлар
ва уларнинг оила аъзолари ва ёшлар учун хизмат қилмоқда.
Ўтган йил давомида 558 нафар ҳарбий хизматчиларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида уйлар, енгил автомашина хариди учун 300 та имтиёзли кредитлар, оила аъзоларига санаторийларида дам олиши учун 317 та имтиёзли йўлланмалар ажратилди.
Ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларига имтиёз асосида ўқишга кириши учун 652 та тавсияномалар берилди.
718 нафар ҳарбий хизматчиларнинг рафиқалари ишга жойлаштирилди.
Нафақага чиққан ҳарбий хизматчиларнинг 967 нафари иш билан таъминланди.
Ўтган 4 йил давомида 145 нафар ҳарбий хизматчи ва ходимлар давлат мукофотлари билан 2922 нафари турли даражадаги давлатимизнинг кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Куни кеча Давлатимиз раҳбари томонидан 17 нафар ҳарбий хизматчи ва ходимларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланди. Уларнинг 4 нафари шахсан Мухтарам Президентимиз қўлларидан мукофотларни қабул қилиб олиш бахтига муяссар бўлишди.
Ҳурматли ҳамкасблар, эришилган натижаларимиз билан бир қаторда, олдимизда муҳим вазифаларни амалга ошириш турганлигини эслатиб ўтмоқчиман.
Кеча Давлатимиз раҳбари Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида мураккаб халқаро вазият, хавфсизликка нисбатан хавф хатар ва таҳдидларнинг кучайиши Марказий Осиёда ҳам кузатилаётганлигини инобатга олиб қуйидаги долзарб вазифаларни белгилаб бердилар:
Қуролли Кучларни рақамлаштиришни жадаллаштириш, вазирлик ва идораларнинг барча ахборот ресурсларини ягона хавфсиз ахборот майдонига бирлаштириш;
ҳарбий таълим дастурларини илғор тажриба асосида янгилаш, педагоглар малакасини ошириш;
мамлакатимизнинг сафарбарлик соҳасидаги тайёргарлиги ва ҳудудий мудофаасини ташкил этиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш;
ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий ва жанговар тайёргарлигини кучайтириш, ёшларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш;
дунёда рўй бераётган гибрид характердаги қуролли тўқнашувлар таҳлили Қуролли Кучларимиз жанговар қобилиятини оширишни тақазо этади, шу боис миллий армияни замонавий техникалар билан таъминлаш долзарб эканлиги таъкидланди.
Биз ҳар қандай вазиятда ҳам Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, сарҳадлари дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашимиз шарт. Бу – бизнинг тарих ва келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиз ва мажбуриятимиздир, деб алоҳида эътироф этдилар.
Шундай экан, Миллий гвардия тизимида ҳам белгиланган вазифаларни тўлиқ ижросини таъминлаш, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлиги, билим ва малакаси, дунёқарашини юксалтириш, ижтимоий ҳимоялаш масалаларига муҳим аҳамият берилади.
Ишончим комил, барчангиз Давлатимиз раҳбари ва халқимизнинг Миллий гвардияга бўлган ишончини оқлаб, юртимиз равнақи ва хавфсизлигини таъминлаш учун садоқат билан хизмат қиласиз.
Яна бир муҳим масала! Миллий гвардия сафларида ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги учун ўз жонини қурбон қилиб қаҳрамонларча ҳалок бўлган сафдошларимиз Хусниддин Суяров, Ҳазрат Суюнов, Равиль Василев, Маъруф Маматов, Абдулходи Абдулвохидов, Алишер Ҳамдамов, Иброхим Норметов, Ихтиёр Хакимов каби мард ўғлонларимизнинг ёрқин хотирасини ёдимизда сақлаб уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш муқаддас бурчимиздир.
Уларнинг матонати ва жасорати барчамизга, айниқса ёшлар учун ҳар томонлама ўрнак ва намуна бўлади.
Ҳурматли Ватан ҳимоячилари, Сизларни ва сизлар орқали барча яқинларингизни яна бир бор Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрами билан самимий табриклайман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилангизга фаровонлик, Ватан ҳимояси йўлидаги шарафли хизматингизда куч-қувват ва зафарлар тилайман.