Миллий гвардия бўлинмалари шахсий таркиби ўртасида ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш, қонунчиликка риоя қилиш ва ижтимоий ҳимоя масалалари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг январь ойида Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг амалий ижроси юзасидан, Миллий гвардия бўлинмалари шахсий таркиби ўртасида ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий маданиятни ошириш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор тарзидаги ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов, Республика ҳарбий прокурори ўринбосари адлия полковниги О.Холбоев, Республика ҳарбий суди судьяси О.Жумаев, Давлат хавфсизлик хизмати маъсул вакиллари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, ҳарбий хизматчилар ва ходимлар иштирок этишди.
Йиғилиш давомида Миллий гвардия бўлинмаларида ҳарбий хизматчиларнинг интизомини яхшилаш, ҳарбий кадрларни танлаш, тайёрлаш ва келгусида хизматни ташкил этиш борасидаги чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ва уларнинг саломатлигини яхшилаш, тиклаш борасида профилактика ишларини жадаллаштириш кераклигига урғу қаратилди.
Қонунчилик тарғиботи борасидаги ишлар ҳам таҳлил қилинди. Келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ижобий ҳал этиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни спортга, фан тўгаракларига жалб этиш, бандлигини таъминлаш йўналишидаги вазифаларни мунтазам давом эттириб бориш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ҳисобот йиғилишида йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди ва келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.