Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида тизимдаги бир гуруҳ ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг фарзандларига имтиёзли тавсияномаларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 19 май куни Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида тизимда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Миллий гвардия қўмондонлиги, Олий таълим ва инновациялар вазирлиги, Олий мажлис сенати, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда бошқа мутасадди раҳбарлар, шунингдек ҳарбий хизматчи ва ходимлар иштирокида бўлиб ўтди. Тадбирда намунали хизмат қилаётган ва соҳа равнақи учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган фидойи ходимларнинг 170 нафар фарзандларига имтиёзли тавсияномалар тантанали равишда топширилди.
Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг, Алоҳида ҳарбий намунали-кўргазмали оркестр жамоаси, Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчилари, Маънавият ва маърифат маркази ашула ва рақс ансамблининг хушовоз хонандалари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Ёшларга берилаётган бу каби имтиёз ва имкониятлар албатта, мамлакатимизда уларнинг келажаги ҳақида ғамхўрлик қилиш масалаларига устувор даражада эътибор қаратилаётганлигидан далолатдир.