Миллий гвардия тизимида ўтказилган “Довюрак жангчи” интенсив синовлари якунланди. Синовда муваффақиятли иштирок этган ҳарбий хизматчиларни муносиб тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди ва унда кўкрак нишонлар ўз эгаларига топширилди.
Давлатимиз Раҳбарининг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигини юқори даражада ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Жиззах вилояти "Фориш" дала ўқув майдонида Миллий гвардия тизимида “Довюрак жангчи” интенсив синовлари ўтказилди.
Ўн кун давомида уч босқичда ўтказилган, ўттиздан ортиқ шартларни ўз ичига олган, хусусан, комплекс куч машқлари, 30 км масофага пиёда юриш (югуриш) ва ягона тўсиқлар йўлагида умумий назорат ҳамда ўқотар қуроллардан амалий отиш машқлари, шунингдек, пичоқ улоқтириш каби интенсив синовларда ҳар бир ҳарбий хизматчи жанговар руҳ, матонат, шижоат билан ўз имкониятларини амалда намоён этди.
Синовда муваффақиятли иштирок этган ҳарбий хизматчиларни муносиб тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир Миллий гвардия Марказий девонида ташкил этилди ва унда Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев томонидан кўкрак нишонлар ўз эгаларига топширилди.
Ушбу синовларда муносиб иштирок этиб, ўз касбига садоқатини, турли юкламаларга жисмонан ва руҳан бардошлилигини намоён этган барча ҳарбий хизматчиларга ҳамда уларнинг мураббий ва командирларига қўмондонлик томонидан миннатдорчилик билдирилди.
Шунингдек, мазкур синовда ижобий натижа кўрсатган номзодларни юқори савияда тайёрлаган мураббий-командирлар ва йўриқчиларнинг меҳнатлари ҳам муносиб баҳоланди ва рағбатлантирилди.
“Довюрак жангчи” фарқловчи нишонига эга бўлганлар Миллий гвардия жанговар тайёргарлигининг ажралмас қисми эканлиги таъкидланди, шунингдек, бу нишон иштирокчиларни хизмат фаолиятини самарали олиб боришларига ва ҳар бир гвардиячини мана шундай ютуқларга эришишида ундашига ишонч билдирилди.
Тақдирланган гуруҳ томонидан Миллий гвардия жанговар ҳайқириғи эшитилгач, шахсий таркиб тантанали юриб ўтди ва Миллий гвардия Марказий девони ҳудудида барпо этилган “Хотира майдони” олдига боришди.
Миллий гвардия қўмондони ва ўринбосарлари, фахрийлар ҳамда тақдирланган шахсий таркиб оркестр садоси остида химат вазифасини бажариш чоғида жасорат кўрсатиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган сафдошларимиз номлари битилган “Хотира майдонига” гул қўйишди.