Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув марказида “Ҳарбий таълим тизимида илм-фан ва педагогик технологияларни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида республика ҳарбий илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.
Конференцияни ўтказишдан мақсад — ҳарбий таълим йўналишида замонавий инновацион технологияларни жорий этиш ва педагогик ёндашувларни такомиллаштириш, мавзуга оид муаммоларни аниқлаш, етакчи хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали келажак технологияларини яратиш, унинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, шунингдек, соҳага оид фундаментал ва илмий-амалий тадқиқот ишлари натижаларини муҳокама қилиш, уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Тадбирда 40 дан ортиқ турли вазирлик ва идоралар ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.
Конференцияда келгусида қўшинларни замон талабларига жавоб берадиган қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва махсус воситалар билан таъминлаш билан бир қаторда, етакчи хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда жанговар ҳаракатларда қўшинларни тайёрлашнинг янги технологияларини жорий қилишнинг илмий-назарий ҳамда амалий жиҳатларига оид муаммолар, бу борадаги илмий ишланмалар ҳамда фавқулодда ҳолатларда қўлланиш имкониятлари муҳокама этилди.
Шу билан бирга, тадбир давомида соҳа йўналишида амалий кўникмага эга мутахассислар тингланди, тажрибалар алмашилди ва амалий таклифлар билдирилди.
Конференциянинг амалий қисмида ихтирочилар томонидан яратилган миллий инновацион ғоялар, хусусан, бўлинмалар томонидан амалий бажариладиган синов машқларининг синови ўтказилиб, келгусида амалиётга жорий этиш мақсадида тегишли тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, ҳарбий илм-фан орқали мудофаа саноати корхоналарида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиб, келгусида бундай ишланмалар ва инновацион ғояларни кенг тарғиб қилиш юзасидан амалий тажрибалар алмашилди.
Конференция якунида соҳага оид замонавий технологияларни жорий этиш, миллий кадрларни тайёрлаш ва келгусида ушбу йўналишда стратегик ҳамкорликни кучайтириш бўйича қатор вазифалар белгилаб олинди.