Миллий гвардия тизимидаги ўқув муассасаларида Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги муносабати билан илмий-амалий конференция ва учрашувлар ўтказилди
Халқимиз, айниқса ёшлар буюк аждодлар тарихини қанчалар кўп ўрганса, уларнинг ҳаёти ва фаолиятидан ибрат ва сабоқ олиб яшаса, қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғулари жўш уради. Эл – юртга бўлган муҳаббати янада ортади. Бу эзгу ишларни амалга оширишда, Соҳибқирон Амир Темур ҳарбий ва маънавий меросини ўрганиш алоҳида ўрин тутади. “Амир Темур – буюк саркарда ва давлат арбоби” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференция буюк саркарда, марказлашган давлат асосчиси, маънавият ва маърифат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 689 йиллигига бағишланди. Мазкур анжуман Республикамизнинг бир қатор илмий тадқиқот муассасалари, Олий ҳарбий таълим муассасалари офицерлари ва курсантлари, Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирокида ташкил этилди.
Конференциянинг маърузачилари:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, академик, Юсупова Дилором Юнусовна “Амир Темурнинг руҳий оламини акс эттирувчи ахлоқий қарашлари” мавзусида маъруза қилди.
Ўзбекистон халқ артисти Носиров Элёр Расулович «Соҳибқирон» номли монологни ўқиди.
Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги Академияси профессори, тарих фанлари доктори, профессор, полковник Тожибоев Музаффар Турдибоевич “Амир Темур давлатида қонунчилик, жиноят ва жазо масалалари” мавзусида маъруза қилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси бўлим бошлиғи тарих фанлари доктори, профессор Давлатова Саодат Тиловбердиевна “Амир Темур давлат бошқарувида хавфсизликни таъминлашда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик масалалари” мавзусида маъруза қилди.
Университет 2 баталони курсантлари “Мен ким Жаҳонгир Темур” саҳна асарини томошабинларга тақдим этди.
Жамоат хавфсизлиги унверситети Махсус факультет бошлиғи, тарих фанлари доктори, доцент, майор Хакназаров Худойберди Дилмуродович, ва университет талабаси Тошниёзов Абдуҳалим Фахриддинович “Амир Темур шахсий сифатларининг ҳарбий интизомни таъминлашдаги аҳамияти” мавзусида маъруза қилди.
Маърузаларда Амир Темур ўзининг юксак ахлоқий фазилатлари, жисмоний етуклиги, ўзига ва сафдошларига нисбатан талабчанлиги, қўшинига нисбатан ғамхўрлиги ҳақида маълумот берилди.
Маърузалар асосида қуйидаги таклифлар илгари сурилди.
1. Амир Темур ҳарбий мероси ва ҳарбий ватанпарварлик фазилатлари доирасида илмий тадқиқотлар олиб бориш.
2. Амир Темурнинг ҳарбий саркардалари жангавор фаолияти юзасидан туркум рисолалар яратиш.
Конференция натижаларидан мамлакатимиз Олий таълим муассасаларининг илмий фаолиятида истиқболда фойдаланиб янги илмий изланишларни олиб бориш, ўқув-услубий фаолиятни такомиллаштиришда фойдаланилади.
Конференция сўнгида университет раҳбарияти томонидан иштирок этган ҳамкорларга чуқур миннатдорчилик изҳор этилиб, конференциянинг амалий иштирокчилари бўлган мутахассисларга ташаккурномалар тақдим қилинди.