Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув марказида Қўшинларда ахлоқий-руҳий таъминотнинг долзарб масалаларига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
2026 йил 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ихтисослаштирилган ўқув марказида “Қўшинларни ахлоқий-руҳий таъминотининг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Конференциянинг асосий мақсади қўшинларда ахлоқий-руҳий таъминотнинг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолари ва ривожланиш истиқболларини чуқур таҳлил қилиш, ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг руҳий барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган илмий-амалий тажрибалар алмашиш, шунингдек, соҳага оид тадқиқотлар натижаларини муҳокама қилиш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Республика Ташхис маркази вакиллари иштирок этишди.
Конференциянинг назарий қисмида рақамли даврда ота-оналик масъулияти, ҳарбий хизматчиларнинг руҳий барқарорлигини таъминлашда ахлоқий-руҳий тайёргарликнинг ўрни, ҳарбий хизматчилар оилаларида соғлом психологик муҳитни шакллантириш, касбий фаолиятдаги стресс ҳолатларининг профилактикаси ҳамда ҳарбий хизматчилар руҳий барқарорлигини мустаҳкамлашнинг замонавий усуллари каби долзарб мавзулар муҳокама қилинди.
Конференциянинг амалий қисмида эса ҳарбий хизматчиларнинг турли мураккаб ва экстремал шароитларда ҳаракат қилиш кўникмаларини ривожлантириш, руҳий барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда психологик тўсиқларни енгиб ўтишга қаратилган машғулотлар ташкил этилди. Жумладан, дала шароитида психодиагностика усуллари, жангчининг экстремал вазиятлардаги руҳий тайёргарлиги, гаровга олинганларни озод қилиш, қуролланган жиноятчиларни қўлга олиш, баландлик, оломон, ўқ-дори ва портловчи моддалар билан боғлиқ қўрқувларни енгиш каби йўналишларда амалий машғулотлар ўтказилди.
Мазкур конференция ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлигини такомиллаштириш, уларнинг мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини ривожлантириш, соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашинувини кучайтириш ҳамда қўшинларда руҳий барқарорликни таъминлашга қаратилган илмий-амалий ёндашувларни ривожлантиришга хизмат қилади.