МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ТИЗИМИДА ЎТКАЗИЛГАН “БАХШИЧИЛИК САНЪАТИ” РЕСПУБЛИКА ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ
Сурхондарё вилоятида Миллий гвардия тизимида ўтказилган "Бахшичилик санъати" танловининг Республика босқичи якунланди. Шу муносабат билан, Термиз шаҳридаги “Санъат саройида” ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов, Республика маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи М.Зикирова, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари полковник З.Бўронов ҳамда Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси мутасадди раҳбарлари иштирок этдилар. Айтиш керакки, икки кун давом этган “Бахшичилик санъати” кўрик танлови, соҳадаги санъатсевар ходимларнинг истеъдодларини намоён этишларига хизмат қилди. Республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган иштирокчилар, ўз ҳудудларининг миллий урф-одатлари, қадриятлари ва санъатини кўрсатиб бердилар.
Бахшичилик санъатини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш, тизим ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган кўрик танлов, кўплаб янги бахшиларни кашф этди. Дўмбира садоси остида янграган достонлар, ижро этилган миллий куй-қўшиқлар кўнгилларга хушнудлик бағишлади. Ҳар бир иштирокчиларнинг чиқишлари Ўзбекистон Халқ бахшилари ҳамда маданият мутахассислари томонидан баҳолаб борилди.
Танловда иштирокчилар чолғу асбобларида куй чалиш ва достонлардан термалар ижро этиш шартлари бўйича беллашдилар. Қатнашчиларнинг тўплаган балларига кўра танлов ғолиблари аниқланди. Унга кўра, 1-ўринни Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчиси капитан Э.Хуррамов эгаллаб, биринчи даражали диплом ҳамда 5 000 000 сўм пул мукофотига эга бўлди. 2-ўринга Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси Қўриқлаш бошқармаси сафдор ходими Қ.Сооддинов лойиқ деб топилиб, иккинчи даражали диплом ва 3 000 000 сўм пул мукофоти соҳиби бўлди. 3-ўринга эса Хоразм вилояти Қўриқлаш бошқармаси сафдор ходими Ш.Комилов муносиб деб топилиб, учинчи даражали диплом ва 2 000 000 сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Шунингдек, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи” номинацияси бўйича ҳам фаол иштирокчилар аниқланиб, улар 1 000 000 сўм миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилди. Барча иштирокчиларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари туҳфа этилди. Шундан сўнг, маросим қатнашчилари, дилтортар бахшиёна термалар, достонлар тинглаб миллий санъатимиз жозибасидан яна бир бор баҳраманд бўлдилар. Кўтаринки руҳда ўтган тадбир, куй-қўшиқ ва рақсларга уланиб кетди. Бахшичиликни ҳарбий хизматчилар ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг қалбида бу бетакрор санъат турига меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, моҳир ижрочиларни аниқлаш ва муносибларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган танлов, барчада улкан таассурот қолдирди.