МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ТИЗИМИДА ХИЗМАТ ҚИЛИШ ИСТАГИДА БЎЛГАН ЁШЛАР ҲАМДА УЛАРНИНГ ОТА-ОНАЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аввало, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг иқтидори ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, уларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилиб келаётганлиги шубҳасиз.
Ушбу ислоҳотлар самараси ўлароқ, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармасида ҳам соҳага юқори касбий маҳоратга эга, зиммасига юклатилган вазифаларга сидқидилдан ёндоша оладиган, маънавий баркамол ва жисмонан етук кадрларни жалб қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 апрелдаги "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарори бу борадаги муҳим ташаббус бўлди. Шу маънода, куни кеча ушбу қарорнинг ижроси доирасида Миллий гвардия тизимида хизмат қилиш истагида бўлган ва турли спорт турлари бўйича жаҳон, Осиё ҳамда Ўзбекистон чемпиони ва совриндори бўлган спортчилар ҳамда уларнинг ота-оналари билан бошқарма масъул ходимлари иштирокида учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида, ёшларга тизимда хизмат ўташ тартиби, ҳарбий хизматчи ва ходимлар учун яратилаётган имтиёзлар, белгиланган талаблар ва шароитлар, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш-олий бурчимиз” концептуал ғояси асосида хизмат қилиш шартлари тўғрисида тушунчалар берилди.
Шунингдек, йиғилиш якунида иштирокчиларга ишга кириш билан боғлиқ масалаларда фақатгина тизимнинг масъул ходимларига мурожаат этиш ҳамда фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолмаслик юзасидан тушунтиришлар олиб борилди ва зарур тавсиялар берилди.