МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ЎҚУВ МАРКАЗИДА НАВБАТДАГИ БИТИРУВ МАРОСИМИ
Мутахассисларни тайёрлаш курслари битирувчиларига сертификатлар тантанали равишда топширилди Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардия Ихтисослаштирилган ўқув марказида мутахассисларни тайёрлаш курсларининг навбатдаги битирув маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирга, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари бўлим бошлиғи подполковник Д.Интантин, Ички Ишлар вазирлигининг Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондони биринчи ўринбосари полковник И.Тўхтасиновлар ташриф буюрди.
Маросим аввалида сўз олган мутасаддилар курсларни муваффақиятли тугатган ҳарбий хизматчи ва ходимларга ўзларининг илиқ тилакларини билдиришди ва келгусидаги хизматларида омад тилашди.
Шундан сўнг, мутахассисликлари бўйича ўқ отиш, баландликни ишғол қилиш, руҳий-жисмоний, алоқа, махсус тактик ҳамда ҳарбий муҳандислик тайёргарлиги фанларидан назарий ва амалий машғулотлар давомида билим ва кўникмаларга эга бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Шу билан бирга, битирувчи харбий ҳизматчилар орасидан кичик сержант Д.Абдиназаров ва Б.Худойбердиевлар сўзга чиқиб, ўзларининг битирувчи сафдошларига ва марказда таҳсил берган устоз ҳамда мураббийларга ўз миннатдорчилигини билдиришди.
Тадбирнинг бадиий қисмида бўлса, Фахрий қоровул ҳамда Миллий гвардия ҳарбий қисм томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишлар ва қўл жанги усуллари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.