“Миллий гвардия тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Миллий гвардия ташаббуси асосида, Хавфсизлик кенгаши розилиги билан “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Бош прокуратура, Олий Суд, ИИВ, ДХХ билан келишилиб, қонунчиликда ўрнатилган тартибда жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилган (20.11.23й.) (ID-89246).
Мазкур лойиҳа билан “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига ўзгартириш киритилиб, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари хизмат фаолияти давомида “махсус таёқлардан”, шу жумладан “телескопик таёқлардан” ҳам фойдаланиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Ҳозирги кунда, АҚШ, Франция, Испания, Буюк Британия, Германия, Туркия, Жанубий Корея, Россия, Белоруссия давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва махсус бўлинмалари томонидан жамоат тартибини сақлаш, оммавий тартибсизликларни бартараф этиш ва ҳуқуқбузарларни қўлга олиш жараёнида, шунингдек, фуқароларни қуролли ҳужумдан ҳимоя қилишда, қуролли ҳужум уюштирилганда ўзини ҳимоя қилишда, қуролланган жиноятчиларни қуролсизлантиришда резина таёқлар билан биргаликда телескопик ва пластик таёқлардан кенг фойдаланиб келинмоқда.
Қонунга киритилган ўзгартиришдан сўнг, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари “Телескопик таёқни” йиғилган ҳолда, хизматга қулай шароитда (эстетик нуқтаи назардан) ёнида олиб юради, шунингдек, ундан:
-фуқароларни қуролли ҳужумдан ҳимоя қилишда;
-ҳарбий хизматчи(ходим)га қуролли ҳужум уюштирилганда ўзини ҳимоя қилишда;
-қуролланган жиноятчиларни қуролсизлантиришда;
-тартиббузарни бўйсундиришда;
-автоавария ҳолатларида транспорт воситаларининг ойнасини синдириб, фуқароларни қутқаришда фойдаланилади.
Шунингдек, телескопик таёқлар ўқотар қуролга (пистолет) нисбатан кам жароҳат етказувчи ва ҳуқуқбузарларнинг ўлимига олиб келмайдиган (нелетальний) махсус восита ҳисобланади.
Шу боис, Миллий гвардия бўлинмаларини замонавий махсус воситалар билан таъминланишига ҳуқуқий асос яратиш ҳамда шахсий таркибнинг хизматни ўташида уларга қулай шарт-шароит яратиш ва жамоат тартибини сақлашда халқаро нормаларга амал қилиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида, Миллий гвардия тўғрисидаги қонунга ушбу ўзгартиришни киритиш таклиф этилган.
Миллий гвардияни
Юридик таъминлаш ва мурожаатлар
билан ишлаш бошқармаси бошлиғи
адлия полковниги И.Турғунов
21.11. 2023 йил