Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари томонидан ноқонуний пиротехника воситалари савдосининг олди олинмоқда.
Байрам - Янги йил қанчалик яқин бўлса, сертификатсиз пиротехника воситаларини сотишдан даромад олишни истаганлар шунчалик фаоллашади. Шу боис Миллий гвардия ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳарбий хизматчи ва ходимларига сертификатланмаган пиротехника воситаларини сотиш бўйича маълумотларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш вазифаси қўйилмоқда. Ҳарбий хизматчи ва ходимлар томонидан республика миқёсида амалга оширилган тезкор-профилактик тадбирлар натижасида ноқонуний пиротехника воситалари савдосининг олди олинди.
НАМАНГАН ВИЛОЯТИ. Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан сертификатсиз пиротехника воситаларини сотаёган йигит қўлга олинди. 16 ёшли M.С. холислар ва ўсмирнинг қариндошлари иштирокида кўрикдан ўтказилганда, унинг сумкасида 13 блок (ҳар бири 130 қути) "Британик" бомбалари ва 2 ўрам "Снаряд цветная бабочка" номли пиротехника воситалари мавжудлиги маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ. Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосига қарши ўтказилган рейд тадбирлари давомида 5 дона "Трения" пиротехника воситаларини 700 минг сўмга сотмоқчи бўлган шахс воқеа жойида ушланди. Дастлабки суриштирув ишларида ҳуқуқбузар самарқандлик 2007 й.т. И.Р. эканлиги маълум бўлди. Фуқаро вояга етмаганлиги боис, ўсмирнинг яқинлари воқеа ҳақида зудлик билан хабардор қилиниб, улар иштирокида ҳуқуқбузарлик юзасидан баённома тузилди.
ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ. Миллий гвардия Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан сертификатсиз пиротехника маҳсулотларини сотиш билан боғлиқ 5 та ҳолат аниқланди. Бу билан асосан ёшлар, жумладан, вояга етмаганлар шуғулланган. Холислар иштирокида ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида пиротехника воситалари учун пул олаётган 16 ёшли Р.И. қўлга олинди. Унинг ёнидан 2 дона (ҳар бири 20 ўрам) "Британик" номли пиротехника воситалари топилиб, мусодара қилинди.
19 ёшли фуқаро Б.Н. ҳам жами 1 миллион сўмлик пиротехника воситаларини сотмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди. Ҳарбий хизматчилар томонидан холислар иштирокида 10 та "Британик" номли пиротехника воситалари мусодара қилинди.
Жиззах шаҳрида яшовчи 18 ёшли фуқаро Б.Б. пиротехника воситаларини 440 000 сўмга сотмоқчи бўлган вақтида ушланди ва унинг ёнидаги 40 қути жами 2400 дона "Британия" номли пиротехника воситалари мусодара қилинди.
20 ёшли фуқаро Н.M. ҳам 5 қути "Британик"ни 750 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди.
БУХОРО ВИЛОЯТИ. Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари ҳамда Божхона қўмитаси вилоят бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган ҳамкорликдаги тадбирларда йирик ҳажмдаги пиротехника воситалари ушланди. Қоровулбозор туманида яшовчи фуқаро А.Ш.нинг ёнида 960 000 сўмга сотмоқчи бўлган 8 қути "Трения" номли пиротехника воситалари топилиб, мусодара қилинди. Фуқаро А.Ш.нинг сўзларига кўра, у пиротехника воситаларини жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги "Қўйлиқ" деҳқон бозоридан ўз туманида сотиш учун 400 минг сўмга харид қилган.
Пиротехника воситаларини сотиш билан шуғулланаётган яна бир фуқаро 19 ёшли С. M. ҳам пойтахтдаги "Қўйлиқ" деҳқон бозоридан хавфли маҳсулотларни харид қилганлиги ҳақида кўрсатма берди. Шунингдек, Ғиждувон туманида яшовчи фуқаронинг уйидан жами 1 миллион 300 минг сўмлик 13 дона "Трения" (7 800 дона) топилиб, мусодара қилинди.
Ҳурматли юртдошлар!
Шуни эслатиб ўтамизки, пиротехника маҳсулотлари билан ноқонуний савдо қилиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-1-моддаси бўйича ашёлар мусодара қилиниб, беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, ҳудди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш анча миқдорда ёҳуд шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 250-1-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилади.