Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармасида буюк алломамиз мир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармасида буюк алломамиз мир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбир Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти, Фарғона Ҳарбий прокуратураси масъул ходимлари, Қўриқлаш бошқармаси, Фарғона шаҳрида жойлашган 6-мактаб ўқувчи ёшлари, 35 ҳамда 37- мактаб ўқувчи ёшлари ва уюшмаган ёшлар иштирокида бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан буюк бобокалонимиз мир Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари, ғазалларидан парчалар куй қўшиқлар маҳорат билан ижро этилди. Айниқса 37-мактаб ўқувчилари томонидан ижро этилган ажойиб рақслар тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади. Тадбир давомида "Сиз Навоийни биласизми" викторинаси ҳам ўтказилиши тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Викторина давомида мактаб ўқувчилари, муддатли ҳарбий хизматчи аскарлар, уюшмаган ёшлар ҳамда шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилардан тузилган жамоалар ғолиблик учун қизғин кураш олиб бордилар. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ва китоблар жамланмаси билан тақдирланди. Тадбир якунида Фарғона шаҳар маданият вазирлиги тасарруфидаги 1-сонли мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари томонидан ишланган суратлар кўргазмаси барча йиғилганларга бирдек манзур бўлди.