НАВОИЙЛИК ЁШЛАР ОТ СПОРТИГА ЖАЛБ ЭТИЛМОҚДА
Давлатимиз раҳбарининг "Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори юртимизда аҳоли ўртасида от спортини ривожлантириш, уни янада тарғиб этишга муҳим омил бўлди.
Эндиликда республикамизнинг барча вилоятларида замонавий бешкураш ва поло спорт турини кенгайтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Куни кеча Миллий гвардия Навоий вилояти бўйича бошқармаси ҳарбийлари томонидан ҳам аҳоли, айниқса ёшларни тулпорларга бўлган қизиқишларини оширишга қаратилган тарғибот ишлари бошлаб юборилди.
Жумладан, ёшларга отларни парваришлаш, машқлар орқали тарбиялаш, буйруқларни бажаришга ўргатиш, уларни хусусиятлари бўйича ўқув машғулотлари ўтказдилар. Мазкур жонивор билан боғлиқ миллий қадриятларимиз: чавандозлик ва кўпкари юзасидан айтилган маълумотлар ўғил-қизларда катта қизиқиш уйғотди. Аждодларимизнинг қорабайир оти билан боғлиқ тарихий кечинмалари ҳақида сўзлаб беришди.
Шунингдек, от минишнинг тартиблари, фойдали жиҳатлари, уни боқишнинг сир-асрорлари ва спорт мусобақаларига тайёрлаш жараёнлари тўғрисида ҳам қизиқарли маълумотлар берилди. Ўз навбатида, бугунги кунда ҳам ҳарбий тузилмаларда, тоғли ҳудудлардаги чегарачилар, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларига хизмат отлари ишончли ҳамроҳ бўлаётганини алоҳида таъкидлашди.
Ушбу машғулотларга Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ҳамда 1-сонли БЎСМ спортчилари ва таътилдаги ўқувчи ёшлар кенг жалб этилди.