Ўзбекистон Камондан отиш федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди ва унда Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Б.Ташматов федерация раиси этиб сайланди
Бугун Миллий гвардия Марказий девонида Ўзбекистон Камондан отиш федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О.Умаров, Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Б.Ташматов, МОҚ Бош котиби О.Касимов мутасадди ташкилотлар вакиллари, овоз бериш ҳуқуқига эга делегатлар, шунингдек, ҳудудий бошқармалардан видеоконференцалоқа орқали мураббийлар ва бошқа мутахассислар иштирок этди.
Йиғилиш аввалида сўз олган спорт вазири А.Икрамов, Давлатимиз раҳбарининг барча спорт турлари қатори ушбу спорт турига бўлган эътибори юқори эканлигини қайд этган ҳолда, мазкур спорт турини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ва кенг жалб этиш, бунинг учун зарур инфратузилма ва қулай шарт-шароитлар яратиш каби муҳим масалалар тўғрисида сўз юритди. Шунингдек, камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва спортчиларимизнинг халқаро майдонларда муносиб иштирокини таъминлаш долзарб вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб, бу йўналишда аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда такомиллаштириб боришни таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг кун тартибига мувофиқ, Камондан отиш федерацияси раиси лавозимига Миллий гвардия қўмондони Б.Ташматов номзоди илгари сурилди ва делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Янги сайланган федерация раиси билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 17 июндаги “Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шу орқали мазкур спорт турини кенг оммалаштириш ва ривожлантириш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этишини таъкидлади.
Шунингдек, Б.Ташматов келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасининг асосий йўналишлари тўғрисида тўхталиб, унда 2028 йилда Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ўйинларига лицензияларни қўлга киритиш ҳамда спортчиларимизнинг юқори натижаларга эришишлари учун тайёргарлик кўрилишини хусусан, халқаро майдонда рақобатбардош спортчиларни тайёрлаш учун илғор тажрибаларни ўрганиш ва татбиқ этиш борасидаги ишларни жадаллаштиришга тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О.Умаров сўзга чиқиб, бир овоздан федерация раиси этиб сайланган Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Б.Ташматовнинг хизмат фаолиятига тўхталиб, илиқ фикрлар билдирди ва мазкур соҳаниям янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди. Шунингдек, камондан отиш спорти миллий қадриятларимизга хос этник спорт турларидан эканлиги ва бу муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, куч тузилмаларида ичида интизоми юқори бўлган Миллий гвардия бу соҳани нафақат ривожлантириш, балки миллий меросни тиклаш ва ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришдек масъулиятли ва шарафли вазифаларни юқори савияда бажариш имкониятига эга эканини қайд этди.
Шунингдек, янги сайланган федерация раиси ва бутун жамоага юқори марраларни қўлга киритишда улкан зафарлар тилаган ҳолда бу борада Миллий Олимпия қўмитаси томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ва юқорида таъкидлаб ўтилган долзарб масалалар ҳамда уларнинг ечими юзасидан кўмакдош бўлишини билдириб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Миллий гвардия қўмондони 2026 йил февраль ойида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Қўл жанги федерацияси раҳбари этиб тайинланган эди.