НАВБАТДАГИ НОМЗОДЛАР ХИЗМАТГА ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ
Бугунги кунда Миллий гвардия сафларида малакали кадрлар захирасини шакллантириш, уларни саралаш, хизматга қабул қилиш жараёнларини одил ва шаффоф тарзда амалга ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Куни кеча Миллий гвардия Хоразм вилояти Қўриқлаш бошқармасида ҳарбийлаштирилган назорат сифатида меҳнат фаолиятини олиб бораётган бир гуруҳ ёшлар Қўриқлаш бошқармасининг шаҳодатланган саф бўлинмаларига хизматга қабул қилиш бўйича навбатдаги синов жараёнлари ташкил этилди.
Мазкур синовда номзодларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари ҳам жалб этилди. Дастлаб, Қўриқлаш бошқармасида Миллий гвардия марказий аппарати, Қўриқлаш бош бошқармаси, Миллий гвардия Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Қўриқлаш бошқармаси масъул ходимлари иштирокида номзодлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказилди.
Ота-оналарга бугунги кунда Миллий гвардия бўлинмаларида номзодларни ишга қабул қилиш жараёнлари ҳамда тартиби тўғрисида батафсил маълумотлар берилиб, очиқ ва шаффоф ўтказиладиган танлов жараёнларини бевосита ота-оналар ҳам кузатиб боришлари мумкинлиги тушунтирилди. Шундан сўнг синовларга старт берилди. Ёшлардан жисмоний ҳамда психологик тайёргарлик бўйича имтиҳонлар олиниб, синовлардан муваффақиятли ўтганлар саф бўлинмаларга қабул қилинди.