ЎҚУВЧИ ЁШЛАР УЧУН ОТ СПОРТИГА ДОИР МАҲОРАТ ДАРСЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан от спортини ривожлантириш ва ёшларни “Қорабайир” зотли отларга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида кўплаб тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, куни кеча Қарши шаҳрида жойлашган Абдулла Орипов номидаги мактаб ўқувчилари ҳамда маҳаллалардаги уюшмаган ёшларга малакали ходимлар томонидан от миниш, уни эгарлаш ва тўғри жиловлаш сир-асрорлари ўргатилди.
Шу билан бир қаторда, тулпорларни парвариш қилиш ва боқиш борасида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Бу тадбирда жонбозлик кўрсатган ёшлар от миниш имкониятини қўлга киритиб, тулпорлар билан дўстона алоқа ўрнатишга муваффақ бўлишди.