От спорти ўйинларида моҳир чавондозлар беллашди
Термиз туманидаги Миллий гвардия ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактаби ҳудудида миллий от спорти ўйинларининг вилоят саралаш босқичи бўлиб ўтди. "Сурхондарё вилояти Қорабайир зотли отлари" шиори остида ташкил этилган мардлар ўйинида, воҳа туманларида ўтказилган мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган 200 нафардан ортиқ чавандозлар иштирок этдилар. Унда чобоғонлар, “от пойгаси”, “жамоавий кўпкари” ҳамда “оломон улоқ-кўпкари” баҳсларида беллашдилар. Отлар пойгасида Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Абдурашид Ворисов "Барс" лақабли Қорабайир оти билан 1-ўринни қўлга киритди. Миллий гвардия ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактаби ходими Самандар Норбоев эса "Бўронча" лақабли оти билан пойгада 2-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, жамоавий кўпкари баҳсларида Миллий гвардия чавандозларидан иборат жамоа барча маҳаллий жамоалардан устун келиб, ғолибликни қўлга киритди. Қизғин беллашувларга бой бўлган оломон кўпкарида улоқ айирган чапдаст чавондозлар ташкилотчилар томонидан қўйилган турли қимматбаҳо совринлар ҳамда пул мукофоти билан рағбатлантирилди.
Шунингдек, тадбир доирасида воҳалик ёшлар иштирокида арқон тортиш, камондан отиш, тош кўтариш каби миллий ўйинлар ҳам ташкил этилди. Вилоят саралаш босқичида эпчиллик ва қатьиятлилик маҳоратини намойиш этиб, ғолиб бўлган энг кучли чавондозлар, жорий йилнинг 17 декабрь куни Самарқанд вилоятида ўтказиладиган республика чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.