“От-устида кураш” мусобақаси қизғин баҳсларга бой бўлди
Жорий йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида ўз хизмат фаолиятини юритаётган ҳарбий чавандозлар ўртасида “От устида кураш” миллий спорт мусобақаси бўлиб ўтди.
Миллий гвардия фахрий қоровули кавалерия эскадрони мажмуасида ташкил этилган мусобақа аввалида, Ўзбекистон Республикаси ветеринария
ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Йилқичилик ва от спорти” ҳамда “Улоқ-кўпкари” федерация мутахассислари иштирокчи ва масъуллар билан давра суҳбати ўтказди. Унда от спорти ҳамда уни янада ривожлантириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилиб, соҳага оид батафсил маълумотлар берилди
Шундан сўнг, миллий мадҳиямиз садолари остида мусобақа очиқ деб эълон қилиниб, беллашувларга старт берилди. Мазкур мусобақа 70-85 кг вазн тоифасидаги от спорти усталари ўртасида ташкил этилган бўлиб, ҳар бир жамоадан бир нафардан иштирокчилар ўзига бириктирилган хизмат отларида 5 дақиқа давомида курашди.
Мусобақа давомида фахрий қоровул батальони ҳарбий хизматчилари томонидан намойиш этилган кўргазмали саф усуллари, кавалерия эскадронига бириктирилган хизмат отлари билан биргаликдаги кўргазмали чиқишлар ҳамда ижро этилган ўзбек миллий бахшчилик санъати бўйича мусиқий чиқишлар барчага манзур бўлди.
Муросасиз ва қизғин кечган беллашувлар натижаларига кўра курашда умумжамоа ҳисобида I - II ўрин Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси тасарруфидаги ҳарбий қисмларга, III-ўрин эса Жамоат хавфсизлиги университети жамоасига насиб этди.
Шунингдек, от устида ўтказилган эстафета йўналишида фахрли I-ўринни Жамоат хавфсизлиги университети, II-ўринни Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармаси тасарруфидаги ҳарбий қисм спортчилари қўлга киритди. IIII- ўрин бўлса Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси тасарруфидаги ҳарбий қисм жамоасига насиб этди.
Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тантанали равишда муносиб тақдирланди.