ОТ СПОРТИГА ДОИР АМАЛИЙ ТАДБИРЛАР ЎТКАЗИЛДИ
Миллий гвардия Навоий вилояти бўйича бошқармаси томонидан болажонларнинг ёзги таътилларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг соғлом турмуш тарзи ва спорт машғулотларига қизиқишларини янада ошириш мақсадида ўқув муассасалари ҳамда оромгоҳларда бир қатор спорт секциялари ташкиллаштирилмоқда. Жумладан, от спорт секцияси фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам барчада бирдек катта қизиқиш уйғотди.
Кармана, Навбаҳор туманларида ҳарбий хизматчилар томонидан очиқ осмон остида ўтказилган от спорти бўйича кўргазмали машғулотларда ёшларга тулпорга миниш, эркин ҳаракатланиш, мазкур жониворларнинг зотлари, уларни парвариш қилиш, эмлаш тартиби ҳамда кунлик рациони ҳақида назарий ва амалий маълумотлар берилди. Шунингдек, отда тўсиқлар оша сакраш, бунда хавфсизлик қоидаларини ёдда тутиш тушунтирилди. Ушбу тадбирлар жараёнларида йигит-қизлар янгиликлар билан яқиндан танишишди.
Ўз навбатида, ёшлар тарихда ва бугунги кунда отлар тинчликни сақлаш, ҳарбий мақсадларда ҳам инсонларнинг садоқатли кўмакчиси эканлигини билиб олишди.
Ёшларни спортга бўлган қизиқишини ошириш йўлида амалга оширилаётган бу каби ишлар, уларнинг келгусида руҳан соғлом ва баркамол фарзанд бўлиб етишишига хизмат қилади.