Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллик байрами муносабати билан “Бир бўлсак-ягона халқмиз, бирлашсак Ватанмиз!” шиори остида Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан вилоят Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда Бахт шаҳрида жойлашган Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасида ватанпарварлик ва спорт тадбирлари ташкил этилди.
Тадбиринг очилиш маросимидан сўнг муассаса тарбияланувчилари учун уюштирилган мини футбол, шахмат-шашка, стол тенниси, камондан отиш, арқон тортиш бўйича мусобақалар ўтказилди. Ёшлар мусобақа давомида муддатли ҳарбий хизматчилар билан спорт турлари бўйича беллашувларга киришишди. Албатта бир йил олдин мактаб ўқувчиси бўлган бугунги муддатли ҳарбий хизматчилар, бу ердаги тарбияланувчиларда ватанпарварлик руҳини кучайтиришда яхши намуна десак муболаға бўлмайди.
Кўтаринки руҳда бўлиб ўтган мусобақаларда ғолиблар аниқланиб, ташкилотчиларнинг диплом, медаль, кубок ва эсдалик совғаларини қабул қилиб олишди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди. Уларга бугунда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, уларнинг мурожаатлари ҳам тингланди. Улар томонидан билдирилган WI-FI маркази, китоблар жамланмаси каби таклифлари қабул қилиниб, шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Тадбир маданий кўнгилочар дастур билан давом этди. Вилоят маданият бўлими санъаткорлари тарбияланувчиларга ўзларининг бадиий чиқишлари билан хуш кайфият бағишлади.