Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳамда Ҳарбий мусиқа академик лицейи битирувчиларига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда жойлашган Миллий гвардия Темурбеклар мактабида бўлиб ўтган мазкур тантанали тадбирда Миллий гвардия қўмондонлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари, шаҳар ҳокимлиги, ҳарбий прокуратура ва ҳамкор вазирликлар мутасадди раҳбарлари, фахрийлар ва битирувчиларнинг яқинлари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар ўтган қисқа давр ичида Миллий гвардия тизимидаги узлуксиз таълимни ривожлантириш, олий ва ўрта махсус таълим сифатини янада яхшилаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилганлиги, бунинг амалий натижасини “Темурбеклар мактаби” мисолида ҳам кўриш мумкинлигини алоҳида таъкидлаб, битирувчиларнинг келажакда буюк саркарда Амир Темур вориси номига муносиб, малакали мутахассис сифатида шаклланишларига ҳамда Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қанотларига айланишларига ишонч билдиришди.
Шундан сўнг, “Темурбеклар мактаби”нинг 110 нафар битирувчиларига, шундан, 11 нафар ўғлонга имтиёзли диплом ва “Аълочи ўқувчи” кўкрак нишони топширилган бўлса, Ҳарбий мусиқа академик лицейининг 30 нафар битирувчисига диплом ва кўкрак нишонлари ва улардан 5 нафар ўғил қизларга имтиёзли дипломлар тантанали равишда тақдим этилди
Кўтаринки руҳда давом этган тадбирнинг бадиий қисмида Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчиларинг “Зарбли чолғулар ансамбли” дефиле чиқишлари ҳамда “Темурбеклар мактаби” ўқувчиларининг қўл жанги кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Бугунги маросим нафақат битирувчилар учун балки уларни катта ҳаяжон билан кузатаётган яқинлари ва ота-оналари учун ҳам унутилмас кун бўлди.
Тадбир якунида битирувчилар томонидан баралла ҳамда жўр овозликда ижро этилган Миллий гвардия қўшиғи эса уларнинг қалбида жўш ураётган ватанпарварлик ҳисини намоён этди ва ўз навбатида тадбир иштирокчиларида ҳам катта таассурот қолдирди десак муболаға бўлмайди.