Ўзбекистонда "Pekiti Tirsia Kali" федерациясининг ташкил этилиши ва халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи
Ўзбекистонда жанг санъати ва ўзини-ўзи ҳимоя қилиш тизимини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш борасида Миллий гвардия ҳомийлигида "Pekiti tirsia kali" федерациясининг шакллантирилиши ва Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши ушбу тизимни такомиллаштириш учун ҳуқуқий асос бўлиш билан бирга, Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар учун ҳамкорлик имкониятларини ҳам очиб берди.
Амалга оширилган ишлар самарасида 2023 йилнинг март ойидан бери Миллий гвардиянинг Ихтисослаштирилган ўқув маркази негизида фаолият юритиб келаётган ва Марказий Осиё минтақасида ягона бўлган "Pekiti tirsia kali" “PTK Бантай” (Жангчи) спорт клуби мактабида мамлакатимиз куч тузилмалари ҳарбий хизматчи ва ходимлари билан тизимли равишда тренинг ва машғулотлар ўтказиб келинмоқда.
Мазкур жанг санъатини ривожлантириш борасида Ўзбекистонга билдирилган ишончнинг мантиқий давоми сифатида, илк бор Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон республикалари мутахассислари Бухоро шаҳрига таклиф қилинган ҳолда "Pekiti Tirsia Kali" Жаҳон федерациясининг президенти Роммел Тортал бошчилигида навбатдаги семинар-тренинг ташкил этилди.
Мазкур семинар-тренинг жорий йилнинг 21 майдан 9 июнь кунига қадар бир ой давом этди ва машғулот якунида Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураевнинг "Pekiti Tirsia Kali" Жаҳон федерацияси президенти Роммел Тортал билан ишчи учрашуви бўлиб ўтди.
Унда федерациянинг ташкил қилинганлиги ва жанг санъатининг замонавий усуллари, махсус бўлинмалар учун ўзини-ўзи ҳимоя қилиш техникалари ва халқаро стандартлар бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқиш, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликда турли тренинг ва тажриба алмашинув тадбирларини ташкил этиш, ушбу жанг санъати бўйича халқаро мусобақалар ўтказиш ҳамда мутахассисларнинг малакасини ошириб бориш каби муҳим масалаларнинг истиқболли режалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрида ташкил этилган ушбу семинар-тренинг муҳим аҳамият касб этиб, "Pekiti Tirsia Kali" жанг санъати бўйича Ўзбекистон ва хорижий мутахассислар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлгани ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш имкони яратилгани эътироф этилди.