ПИРОТЕХНИКА ВОСИТАЛАРИНИНГ НОҚОНУНИЙ АЙЛАНМАСИГА ЧЕК ҚЎЙИЛМОҚДА!
Янги йил байрами яқинлашмоқда, ҳаммамиз биламизки ушбу мавсумда огоҳлантириш ишларига қарамасдан фуқаролар томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний айланувига қаратилган хатти-ҳаракатлар содир этилиш ҳолатлари учраб туради.
Жумладан, 2021 йил 28 ноябрь куни Сирдарё вилояти бўйича Миллий Гвардия бошқармаси, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси, ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Гулистон шаҳри ҳудудида пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний айланувига қарши курашиш борасида тезкор тадбир ўтказилди.
Тезкор тадбир давомида, олдиндан тезкор кузатувга олинган, Ўзбекистон фуқароси Э.Ш. бошқарувидаги “Нексия” русумли енгил автотранспорт воситаси Гулистон шаҳри Гулистон кўчаси ҳудудига келиб тўхтаган вақтида, тадбир иштирокчилари томонидан ушбу автотранспорт воситаларининг салони ва юкхонаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, олдиндан келишилган “шартли харидор”га сотиш мақсадида олиб келинган, хорижда ишлаб чиқарилган 4 турда жами 42 060 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида қўлга олинган.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари томонидан фуқаро Э.Ш. билан профилактик суҳбат ўтказилганда, у ўзининг хоҳиш-истаги билан уйида сақланаётган 10 блок “Британик” номли жами 6000 дона пиротехника маҳсулотларини тақдим этган. Тезкор тадбир давомида фуқаро Э.Ш.дан 4 турдаги жами 48060 дона пиротехника маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.