Пойтахтимизда "Беш ташаббус" доирасида ёшлар билан ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари давом этмоқда
Учтепа туманида жойлашган 228-сонли мактабда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан туман ҳокимияти ва биринчи секторда жойлашган маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан ҳамкорликда "Беш ташаббус" доирасида тадбирлар ташкил этилди.
Унда мактаб ўқувчилари муддатли ҳарбий хизматчилар билан арқон тортиш, шахмат-шашка, армрестлинг бўйича мусобақаларда беллашишди. Шу билан бирга, аскарлар томонидан қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Мактаб фаоллари залида намойиш этилган муддатли ҳарбий хизматчилар ижросидаги қувноқлар ва зукколар маданий кўнгилочар томошалари ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, ҳарбий қисмда Учтепа тумани мактаб ўқувчилари учун очиқ эшиклар куни ўтказилди. Унда тез тиббий ёрдам, ҳимоя воситалари сингари кўргазмалар, спорт мусобақалари ташкил этилди. Тадбир сўнгида фаол иштирок этган ўқувчиларга фойдали адабиётлар тақдим этилди.
Таъкидлаш жоизки, ташкил этилган тадбирлар ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга, уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ва армия ҳаётига тайёрлашга замин яратмоқда.