ПОРЛОҚ КЕЛАЖАК-ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ
Миллий гвардия Навоий вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти, Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси, бандликка кўмаклашиш ва тиббий соғломлаштириш марказлари ҳамкорлигида ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзолари иштирокида семинар ўтказилди.
Унда мутасаддилар томонидан оиладаги маънавий-руҳий муҳитнинг келажак авлодга таъсири, соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш, тинч-тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, соғлом оила қуришнинг бошқа омиллари борасида алоҳида таъкидланди.
Маърузачилар биринчи навбатда фарзанд тарбиясига эътибор қаратиш, уларни билимли ва маърифатли қилиб вояга етказиш, бу борада ота-онанинг мажбуриятлари юзасидан ўзларининг тавсияларини бериб ўтди.
Ҳарбий хизматчилар аёлларининг бандлигини таъминлаш мақсадида Мономарказда бепул ўқув курсларида иштирок этиш ҳамда сертификат қўлга киритишлари учун имконият яратилди.
Бундан ташқари, ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига имтиёзли равишда навбатсиз рўйхатдан ўтказиш, болажонларнинг ёзги таътилда мароқли дам олишларини мазмунли ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Мутасадди раҳбарлар томонидан муаммолар тингланиб, жойида ижобий ҳал этилди.
Йиғилиш якунида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва фарзандларини ҳарбий қисм билан таништириш мақсадида экскурсия ташкил этилди.