Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан Тошкент шаҳрида ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва аҳолига хизмат кўрсатиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган чора-тадбирларнинг амалий ижроси Шайхонтоҳур туманида Миллий гвардия қўмондонлиги раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан таъминланмоқда.
Пойтахтимиздаги туманларни ҳар томонлама ривожлантириш ва ислоҳотлар самарадорлигини ошириш борасидаги вазифалар ижроси таъминлаш юзасидан Шайхонтоҳур туманида Миллий гвардия, Инвестициялар, Савдо ва саноат вазирлиги ва бошқа мутасадди вазирлик ва идоралардан ташкил топган ишчи гуруҳлар томонидан “маҳаллабай” ва “фуқаробай” йўналишда ишлар олиб борилмоқда.
Тадбир давомида муаммоларнинг ҳал этилиши, жумладан, иссиқлик ва ичимлик суви, электр тармоқлари ва газ таъминоти объектларининг ҳолатини яхшилаш, ободонлаштириш, жамоат ташкилотларида иш унумдорлигини ошириш учун компьютер ва мебель жиҳозлари билан таъминлаш, кўп қаватли уйлардаги мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш каби масалалар кўриб чиқилди. Ҳозирга қадар бириктирилган ҳар бир мутасадди вазирлик ва идораларнинг вакиллари маҳаллаларда бўлиб, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганишмоқда ва керакли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Шайхонтоҳур туманидаги мазкур ишларни мувофиқлаштиришга масъул бўлган Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов тумандаги “Белтепа”, “Янги Жарариқ”, “Эски Жарариқ”, “Ҳувайдо” МФЙ ларга ташриф буюриб, ҳудуддаги шарт-шароитлар ўрганилди. Шунингдек, масъулларга муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Тадбир доирасида Наврўз боғида ёшлар учун маданий концерт дастури ва ёши улуғлар учун тиббий кўрик ташкиллаштирилди.
Маълумот учун: ишчи гуруҳ тумандаги 51 та маҳаллада ўз фаолиятини давом эттирмоқда.