Ўзбекистон чемпионати мусобақасига тайёргарлик давом эттирилмоқда
Миллий гвардия тасарруфида янги қад кўтарган Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси спорт базасида жорий йилнинг 24-28 апрель кунлари қўл жанги бўйича ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон чемпионати мусобақасига тайёргарлик кескин равишда авж олмоқда. Мусобақа олди машғулотларида қўл жанги бўйича бош мураббий икки карра жаҳон чемпиони Сирожиддинов Одил - ўзининг билим ва такомиллашган кўникмалари орқали қўл остида шуғулланаётган шогирдларига керакли тактика ва техник усулларни ўргатиб бормоқда. Машғулот жараёнларида забардаст ўғлонлар қаторида бир қанча жасур қизлар ҳам мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўришмоқда.
Айтиб ўтишимиз керакки, мазкур беллашувда 57 – 97 килограмм вазн тоифасида 36 нафар эркак ва 48 – 70 килограмм вазн тоифасида 4 нафар аёл спортчилар қатнашишади.
Ўз ўрнида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Қўл жанги федерацияси томонидан ташкиллаштирилаётган мусобақалар спортчиларимизнинг нафақат амалий билим ва кўникмаларини оширишга, балки соғлом рақобат муҳитини яратишда ҳам катта кўмак беради. Қолаверса, спортчиларнинг ўз олдиларига қўйган мақсад ва вазифаларига янада жасорат ва мардлик ила ёндашишларига улкан туртки бўла олади.