Республикамиз бўйлаб пиротехника воситалари савдосига қарши ҳамкорликдаги профилактик тадбирлар давом этмоқда.
АНДИЖОН ВИЛОЯТИ.
Андижон шаҳрида жойлашган "Ice Rink" муз майдони яқинида "Қўриқлаш" бош бошқармаси ва унинг Андижон вилояти бўйича бўлинмаси ходимлари томонидан ноқонуний пиротехника воситалари сотаётган фарғоналик 19 ёшли Н.А. қўлга олинди.
Холислар иштирокидаги текширув вақтида ҳуқуқбузарнинг ёнида 10 дона (ҳар бири 10 ўрам) "Britanik" ва 8 дона "7-Shoots" номли пиротехника воситалари мавжудлиги аниқланиб, мусодара қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
БУХОРО ВИЛОЯТИ.
Бухоро шаҳри Давлат божхона қўмитаси ходимлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари томонидан ўтказилган қўшма тадбирлар давомида кузатув остидаги 34 ёшли фуқаро Б.Ж. юк машинасига ортилган пиротехника воситаларини 83 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 50 минг АҚШ долларини қабул қилиб олаётган вақтида қўлга олинди. Текширув жараёнида юк машинаси ичида 19 турдаги жами 7016 дона "Салют" борлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича Божхона бошқармаси Суриштирув бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ.
Қўқон шаҳрида жойлашган Тиббиёт муассасаси ёнида Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан ноқонуний "Britanik" номли пиротехника воситаларини сотаётган 17 ёшли қиз қўлга олинди. Воқеа жойида ходимлар томонидан ҳуқуқбузарнинг сумкаси текширилганда, унинг ичида 5 дона (49 ўрам) "Britanik" пиротехника воситалари борлиги маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-1-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди.
Ҳурматли юртдошлар!
Шуни эслатиб ўтамизки, пиротехника маҳсулотлари билан ноқонуний савдо қилиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-1-моддаси бўйича ашёлар мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, ҳудди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш анча миқдорда ёҳуд шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 250-1-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилади.