ПСИХОЛОГ МУТАХАССИСЛАРНИНГ ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯСИ
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш, уларни баркамол авлод сифатида шаклланиши ҳамда ижтимоий мослашувини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунда меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг ижтимоий ҳимояси, таълим-тарбия олиш ишларига буткул ўзгача тарзда ёндашилмоқда. Уларнинг ички дунёсини ўрганиш орқали қизиқишлари ва интилишлари аниқланмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан имзоланган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва уларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларига 2 та психолог штат бирлиги ажратилди. Миллий гвардия психолог мутахассислари томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилади. Бу ҳам албатта болаларнинг тушкунликка тушмасдан, келажаклари учун улкан мақсадлар қўйиб улғайишига сабаб бўлади. Миллий гвардия Ихтсосолаштирилган ўқув марказида ўтказилган “Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари билан олиб бориладиган психологик ишлар самарадорлигини янада ошириш масалалари” мавзусидаги илмий-амалий конференция юқорида таъкидлаб ўтилган сай-ҳаракатларни амалга оширишнинг методикаларини янгилаш ва ўрганишга бағишланди.
Анжуманда Ички ишлар вазирлиги, SОS-Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмаси ва Миллий гвардия олий тоифали психологлари иштирок этишди. Маърузачилар болалар билан ишлашда уларнинг ёш қатлами, улғайиш босқичлари, темперементлари, уларнинг хулқидаги оғишларнинг намоён бўлиши сабаблари, тарбияси оғир ўсмирлар билан ишлаш тартиби бўйича илмий изланишларини баён қилишди.
Ўзаро тажриба алмашишга қаратилган конференцияда болалар билан қандай психологик тренингларни ўтказиш кераклиги, уларда яхши кайфиятни хосил қилишда қандай чоралар кўриш лозимлиги кўргазмали тарзда кўрсатиб берилди. Албатта ўтказилган мазкур тадбирдан олинган кўникмаларни психолог ҳарбий хизматчи ва ходимлар, меҳрибонлик уйлари тарбиячилари келгусида ўзлари фаолият юритадиган ўқув-тарбия массасаларида амалиётда қўллашади.