ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИДА СПОРТНИНГ ТАЭКВОН-ДО ТУРИ БЎЙИЧА МУСОБАҚА БЎЛИБ ЎТДИ
Мамлакатимизда ёшларни омавий спортга жалб қилиш орқали бўш вақтларини мазмунли ўтказишга ва уларни иқтидорига қараб спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун шароит яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада амалга оширилаётган ишлар қатори Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ўзбекистон Таэквон-До ITF Миллий Ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганлиги тўғрисида маълумот берилган эди.
Ушбу йўналишдаги ҳамкорликдаги чора тадбирлар республикамиз бўйлаб бошлаб юборилди. Хусусан, куни кеча Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги 2-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида, ўсмир болалар ва қизлар ўртасида Таэквон-До спорт тури бўйича бўлиб ўтган мусобақа фикримиз далилидир.
Унда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари шунингдек, Китоб, Ғузор, Яккабоғ, ҳамда Қамаши туманларидан жами 250 дан ортиқ ёш спортчилар 40 та вазн тоифасида ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.
Мусобақа аввалида спортчиларга Миллий гвардия Қўрқлаш бошқармаси ҳамда вилоят Таэквон-До ITF миллий федерацияси раҳбарлари томонидан самимий тилаклар билдирилди.
Қизиқарли кечган беллашувлар якунида ғолибликни қўлга киритган жамоалар ва ёш спортчилар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.