"Регби-15" спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионатида Миллий гвардия жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллади
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, спортнинг ҳар хил турларини, шу жумладан регбини янада оммалаштириш, регбининг ривожланиши, аҳоли турли қатламлари, энг аввало ёшлар ўртасида ушбу спорт тури фаоллаштириш, улар орасидан иқтидорли регбичиларни саралаш (селекциялаш) регби мусобақаларини ташкиллаштириш комплекс чора-тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 9-14-июнь кунлари Мудофаа вазирлигининг спорт мажмуасида "Регби-15" спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур чемпионатда вилоят босқичларидан ўтиб, Республика босқичига етиб келган 4 та жамоа хусусан, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти терма жамоалари иштирок этишди.
Беш кун давом этган мусобақада терма жамоа спортчилари мусобақада ўзларининг эпчиллигини ва тезкорлигини намоён этишди. Жамоалар ғолиблик учун кураш олиб боришди. Баҳслар мусобақа қоидаларига мувофиқ олиб борилиб, ҳар бир ўйин 40 дақиқадан иборат бўлиб, 2 таймни ташкил этди. Мусобақа юқори савияда ўтказилиб, жамоалар мусобақага жиддий тайёргарлик кўрганликларини исботлашди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, фахрли 1-ўринни Миллий гвардия жамоаси қўлга киритди. 2-ўринни Мудофаа вазирлиги жамоаси эгаллаган бўлса, 3-ўрин Ички ишлар вазирлиги жамоасига насиб этди.
Совринли ўринларга сазовор бўлган жамоалар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан муносиб тақдирландилар.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Регби спорт ўйини икки жамоадан иборат бўлиб, иштирокчилар тухумсимон шаклдаги тўп билан махсус майдончада ўйнайди. Ўйиннинг асосий мақсади - тўпни бир-бирига қўлда (орқага) ёки оёқда (хоҳлаган йўналишда) ошириб, уни рақиб майдонидаги дарвоза чизиғи орқасига тушириш ёки дарвозага киритишдан иборат. Рақибни ушлаб ёки елка билан туртиб йиқитиб, унга халақит бериш мумкин. Ўйин қоидаси бузилганда „олишув“ - тўп талашиш белгиланади. Кўп очко тўплаган жамоа ютган ҳисобланади.