"Регби-15" спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолиблари муносиб рағбатлантирилди
Аввал хабар берганимиздек, 9-14-июнь кунлари Мудофаа вазирлигининг спорт мажмуасида "Регби-15" спорт тури бўйича бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида вилоят босқичларидан ўтиб, Республика босқичига етиб келган 4 та жамоа хусусан, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти терма жамоалари иштирок этишди. Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, фахрли 1-ўринни Миллий гвардия жамоаси қўлга киритган бўлиб, бугун Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида чемпионларни тантанали тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Юқори шукуҳда ташкил этилган тадбир давлатимиз мадҳияси билан бошланиб, унда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари А.Сормонкулов ўтказилаётган мусобақалар ва эришилаётган ютуқлар, ҳарбий хизматчиларимизни тажрибасини ҳамда профессионаллик даражасини ошириш билан чекланиб қолмай, келгусида Осиё ва жаҳон чемпионатларида иштирок этиш учун янги терма жамоаларни шакллантириш учун хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг Миллий гвардия қўмондони буйруғи ўқиб эшиттирилиб, Ўзбекистон чемпионатида юқори натижаларни эгаллаган спортчи ва мураббийлар муносиб рағбатлантирилди.
Барча иштирокчиларга III даражали “Намунали хизматлари” учун ва “Миллий гвардия фидойи ходими” кўкрак нишонлари, “Эсдалик қўл соати”, фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.