СЕРЖАНТЛАР-МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗНИНГ ТАЯНЧИ ВА СУЯНЧИ
Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув марказида “Сержантлар форуми” бўлиб ўтди.
Мазкур анжуманда Миллий гвардия қўмондонининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, полковник С.Мамаюсупов, Ўзбекистон халқ артисти Т.Мўминов ва шунингдек, Миллий гвардиянинг барча ҳудудий бошқармаларидан ҳарбий хизматчи ва ходимлар онлайн тарзда иштирок этди.
Тадбир аввалида “Сержантлар-миллий армиямизнинг таянчи ва суянчи. Сержантлар таркибига қўйиладиган замонавий талаблар” мавзусида қўмондон ўринбосари нутқ сўзлади.
Шундан сўнг, форум иштирокчилари ўзларига бириктирилган мавзулар бўйича маърузаларни замонавий техникалардан фойдаланган ҳолда намойиш қилишди.
Кичик командирлар ўз маърузаларида хизмат фаолияти давомида дуч келиши мумкин бўлган ҳолатлар, уларда мустақил қарор қабул қилиш кўникмалари, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда тизимда фаолият юритаётган сержантларнинг ўрни ва роли, уларнинг спорт соҳасидаги илғор тажрибалари жаҳон ва халқаро ареналардаги фаолияти ҳамда яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Тадбир сўнгида, сержантлар кенгашларининг фаолияти сарҳисоб этилиб, келгуси 2022 йилда бажарилиши лозим бўлган режалар белгилаб олинди ва форумда фаол қатнашган бир гуруҳ иштирокчилар Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан миннатдорчилик ва ташаккурномалар билан рағбатлантирилди.