«Шахмат кунлари» мусобақаси ғолиблари аниқланди
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон шахмат федерацияси билан ҳамкорликда куни кеча пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида «Шахмат кунлари» мусобақаси ўтказилди.
Вазирлик, идора, корхона ва ташкилотлар ходимлари ўртасида шахматни кенг тарғиб қилиш ва ушбу спорт турини аҳоли ўртасида оммавийлаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақада иштирокчилар шахматнинг рапид йўналишида ўзаро рақобатлашди.
Қизғин ва муросасиз ўтган баҳсларда Ўзатом агентлиги ходими Алишер Санетуллаев 7 очко тўплаган ҳолда биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринга Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Иззатулла Султанов 6,5 очко билан эгалик қилган бўлса, ОКМК ходими Андрей Тюменсев 6 очко тўплаган ҳолда учинчи поғонадан ўрин эгаллади.
Шунингдек, Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси аёл ҳарбий хизматчиси Нозима Джалолова “Энг тажрибали иштирокчи” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.
Мусобақа сўнгида ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.