Сирдарё вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва куч тузилмаларида хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчи ва ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари, шунингдек маҳаллий аҳоли иштирокида сайёр қабул ўтказилди.
Сирдарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, Миллий Гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда Тошкент ҳарбий округи иштирокида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган оммавий сайёр қабул ўтказилди.
Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Д.Мамаюсупов томонидан Сирдарё вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси ва Қўриқлаш бошқармаси тизимида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчи ва ходимлар, уларнинг оила аъзолари, шунингдек фуқароларнинг турли йўналишдаги мурожаатлари тингланди ва баён этилган масалалар масъуллар иштирокида кўриб чиқилди. Асосий эътибор мурожаатларни ўз вақтида қонуний ҳал этишга қаратилиб, мутасаддиларга вазифалар юклатилди ва ижроси назоратга олинди.
Тадбир сўнгида Миллий Гвардия, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилот вакиллари билан бирга “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчиси Исомова Луиза Барисовнага янги уй-жой калитлари ва қимматбаҳо совғалар тантанали топширилди.