Соғлом бола - соғлом оила демакдир.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилаётган чора-тадбирлар тинч ва осойишта ҳаётимизни таъминлашда юксак самара бермоқда. Шу кунларда юртимиз бўйлаб Миллий гвардия бўлинмаларида ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг оила аъзолари учун бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, куни кеча Миллий гвардия ҳарбий қисмларидан бирида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия фонди мутахассис шифокорлари акушер-генеколог, терапевт ва педиатр, стоматолог, невролог ва психиатр, тери-таносил касалликлари шифокорлари иштирокидаги зарур бўлган инструменталь УТТ, ЭКГ ва лаборатор текширувлар асосида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрик натижалари билан аниқланган бирламчи касалликлар бўйича соғломлаштириш ишларини олиб бориш учун шифокорлар томонидан керакли ва зарур бўлган тавсиялар берилди. Шунингдек, “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия фонди мутахассислари томонидан ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари орасида тиббий маданиятни ошириш мақсадида, турли хил касалликларнинг олдини олиш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб борилди.