Бухорода Миллий гвардиянинг марҳум ходими "Жасорат" медалига муносиб кўрилди
Она Ватан, унинг ҳар фарзандининг тинчлиги йўлида қалб ва виждон амри билан қилинган саъй-ҳаракат эътибор ва рағбатсиз қолмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига кўра, давлат мукофотига сазовор бўлган ҳамюртларимиз орасида Миллий гвардиянинг Бухоро вилояти қўриқлаш бошқармаси сафдор-ходими, «Жасорат» медалига лойиқ топилган марҳум Ҳамдамов Алишер Ўктамович ҳам бор.
Бугун, Пешкў туман ҳокими, Қўриқлаш бош бошқармаси раҳбарияти, вилоят Миллий гвардия раҳбарияти, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари раҳматли ходим униб-ўсган хонадонга бориб, «Жасорат» медалини Ҳамдамов Алишернинг ота-онасига топширдилар. Шундай мард ва ўктам ўғлон билан ҳар қанча фахрланиш муносиб экани қайд этилди. Бундан буён ҳам марҳумнинг оиласи доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.
— Ватанига хизмат қилишни виждоний бурчи деб биладиган болажоним ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда қарийб 18 йилдан буён хизмат бурчини бажариб келади. Ўз вазифасини бажариш чоғида жонини мардларча қурбон қилган дилбандимни сафдошлари ва маҳалладошлар кўнгли очиқ, саховатли йигит эканлигини хотирлашади. Мен эса шундай умрини жасорат ва матонат безаган фарзанднинг онаси эканлигимдан ҳар доим ғурурланаман, - дейди марҳум ходимнинг онаси Собира ая.
Маросим сўнгида марҳум ҳаққига Қуръон тиловат қилиниб, яқинларига ҳамдардлик билдирилди.