СПОРТ – ТИНЧЛИК ВА ДЎСТЛИК ЭЛЧИСИ
Ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиш, уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш мақсадида кўплаб спорт мусобақалари ташкил қилинмоқда.
Хусусан, “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти ташаббуси билан жорий йилнинг 18 май куни Бухоро шаҳридаги “Бухоро” спорт мажмуасида вилоят “Динамо” ЖТСЖ жамоалари ўртасида “Спорт байрами” мусобақалари бўлиб ўтди.
Мусобақада Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ИИБ, ДХХ ҳамда Божхона бошқармаларининг ҳарбий хизматчи ва ходимлари арқон тортиш, 4х100 м эстафета ва 1000 м га югуриш, армрестлинг, тош кўтариш бўйича ўзаро беллашишди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу мусобақада ҳар доимгидан ноанъанавий тарзда, ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг фарзандлари ҳам ўзаро беллашдилар.
Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўрин ИИБ жамоаси, 2-ўрин Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси жамоаси, 3-ўрин эса ИИВ тасарруфидаги ҳарбий қисм жамоаларига насиб этди.
Ўтказилган мазкур спорт мусобақаси нафақат иштирокчиларнинг соғлиғини янада яхшилашга, балки уларнинг кўтаринки кайфиятига сабаб бўлди.