ЁШЛАР СПОРТ БИЛАН ҲАМНАФАС
Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ташаббуси билан пойтахтимиздаги 22-сонли Меҳрибонлик уйида муассаса тарбияланувчилари учун маданий-маърифий, кўнгилочар ва спорт тадбирлари ўтказилди.
Даставвал ҳарбийлар томонидан иштирокчиларга ўйин шартлари ва баҳолаш тартиби тушунтирилиб, эстафетага старт берилди. Мусобақа шартларига кўра, иштирокчилар 100 метр масофага югуриб автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш ҳамда спортнинг турникда тортилиш, стол тенниси, шахмат-шашка, арқон тортиш турлари бўйича беллашди.
Олти нафар ўғил болалардан ташкил топган жамоаларнинг иштирокчилари баҳслар давомида астойдил ғалаба сари интилишди. Мусобақа якунида кўрсатгичлари тенг бўлиб қолган жамоалар ўртасидаги ғолиблар, қўшимча синов тариқасида берилган куч машқларини бажариш орқали аниқланди.
Спорт тадбирида қатнашган барча ёшларга Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан совға тариқасида махсус ҳарбий кийим-бошлар тақдим этилиб, муносиб рағбатлантирилди.
Шунингдек, тадбир сўнгида муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган қўл жанги усуллари ва саф чиқишлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Тарбияланувчилар ўртасида ташкил этилган ҳарбий-спорт мусобақалари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш, шунингдек, спортга бўлган қизиқишини янада орттириш мақсадларини ўзида мужассамлаштирган.