СПОРТГА ҚИЗИҚИШ БОЛАЛИКДАН БОШЛАНАДИ
Ёшларни спортга жалб қилиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар республикамиз бўйлаб давом этмоқда. Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси Қўриқлаш бошқармаси ходимлари ҳам бундай спорт тадбирларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Хусусан, Нукус шаҳрида жойлашган 38-сонли умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида спортнинг кураш, теннис, шахмат ва шашка турлари бўйича “Спорт билан соғлом болалик” шиори остида мусобақа ташкил этилди.
Мазкур мусобақа ўқувчилар ўртасида дўстона рақобат ва қизғин баҳсларга бой тарзда бўлиб ўтиб, ёшлар унда ўзларининг жисмоний маҳоратларини намойиш этиш имконига эга бўлди. Мусобақа давомида спортга қизиқувчан болалар келгусида қайси спорт тури билан шуғулланишлари бўйича ўз олдига аниқ мақсад қўйишди.
Тадбир якунида ғолиб жамоалар кубок, фахрий ёрлиқ ва медаль билан тақдирланди.