Сурхондарё вилоятида Миллий гвардия Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши томонидан ҳарбий хизматчи ва ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари иштирокида ,,Намунали ҳарбий оила” кўрик танлови ўтказилди.
Тадбирда иштирок этган ҳарбий хизматчи ва ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари турли шартлар бўйича беллашишди. Иштирокчилар блиц-сўровномада ўз билимларини синовдан ўтказишган бўлса, аёллар турмуш ўртоқларининг ҳарбий кийимларини саф кўригига тайёрлашда тезкорлигини намойиш этишди. Шунингдек, улар болаларни ўз вақтида мактабга жўнатиш, дарс жадвали асосида дарсликларни йиғиш ва уларни тартибли кийинтириш каби синовлардан ҳам муваффақиятли ўтишди.
Уларнинг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва маърифат маркази эксперти, профессор Ж. Шермуҳамедова ҳамда Миллий гвардия Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши вакиллари томонидан одилона баҳоланиб борилди.
Вилоят Маърифат ва маънавият маркази хонандалари томонидан куйланган куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлаган бўлса, профессор Ж. Шермуҳамедованинг Оила муқаддас қўрғон эканлиги ҳақидаги ҳаётий ҳикоялари барчага ҳақиқий мотивацион маҳорат дарси вазифасини ўтади.
Тадбир якунида ғолиб бўлган оилалар муносиб рағбатлантирилди.