СУРХОНДАРЁДА “ТРИАТЛОН” БЎЙИЧА МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ БОШЛИҒИ КУБОГИ МУСОБАҚАСИ БЎЛИБ ЎТДИ
Куни кеча Термиз шаҳридаги Амусоҳил масканида вилоятдаги уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг “триатлон” тури бўйича Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи кубоги учун биринчилик мусобақаси бўлиб ўтди.
Унда шаҳар ва туманларда Қўриқлаш бўлимлари томонидан маҳаллалар кесимида ўтказилган саралаш босқичларида устунликни қўлга киритган, 4 нафар ёшлардан иборат 14 та жамоалар ғолиблик учун беллашдилар.
Мусобақа аввалида сўз олганлар, юртимизда “триатлон” спорт турини ривожлантириш ва уни кенг аҳоли ўртасида оммалаштиришга қаратилаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб, барча спортчиларга муваффақиятлар тиладилар.
Шундан сўнг, қизғин беллашувларга старт берилиб, иштирокчилар унда жамоавий бўлган ҳолда белгиланган вақтда, 100 метр масофани сувда сузиб, 10 километрни велосипед ҳайдаб ҳамда 5 километр масофани югуриб ўтдилар.
Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлган учрашувда ёшлар нақадар жисмонан чидамли ҳамда тезкор эканликларини намоён этишди. Спортчиларнинг барча ҳаракатлари, қобилиятлари малакали ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди. Ҳамжиҳатликда ва жамоавий тарзда ҳаракатланган иштирокчилар барча шартларда устунликка эга бўлдилар.
Мусобақада умумжамоа ҳисобида Сариосиё тумани ёшлари жамоаси 1-ўринни эгаллаб, Миллий гвардия бошлиғи кубогини қўлга киритдилар. 2-ўринни Термиз шаҳри жамоаси олган бўлса, 3-ўрин Жарқўрғон тумани ёшларига насиб этди.
Ғолиб бўлган жамоаларга ташкилотчилар томонидан кубок, диплом ҳамда саккиз, олти ва тўрт миллион сўмдан пул мукофоти берилди. Шунингдек, "Энг фаол иштирок этган жамоа" номинацияси бўйича ҳам, Денов ва Қумқўрғон туманлари ёшларига бир миллион сўмдан пул мукофоти тақдим этилди.
Якунда барча иштирокчилар учун байрамона дастурхон ёзилиб, кўтаринки кайфият улашилди.