ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ НОҚОНУНИЙ САВДОСИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ
Мамлакатимизда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши ҳамкорликдаги тизимли чора тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳар божхона ва Миллий гвардия бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида республикамиз ҳудудига жуда кўп миқдордаги тамаки маҳсулотларини айланма йўллар орқали ноқонуний олиб кирилиши, сақланиши ва уларни муомалага киритилишини олдини олиш юзасидан тезкор тадбирлар ўтказилди.
Тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган Тошкент шаҳар, Яшнобод туманидаги хонадонлардан бири белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ушбу хонадонда хорижда ишлаб чиқарилган, белгиланган тартибдаги ҳужжатлари бўлмаган қиймати 245 млн 520 минг сўмлик, 29 турдаги 16 680 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Давом этган тезкор тадбир мобайнида Тошкент шаҳар, Миробод туманида жойлашган хонадонлардан бири белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилганида, қиймати 12 млн 600 минг сўмлик 1050 қути тамаки маҳсулотлари ноқонуний тарзда сақланиб келинаётганлиги аниқланди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 258,1млн.сўмлик 17 730 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.