Тиббиёт ходимлари муносиб рағбатлантирилди
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан ноябр ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари куни” касб байрами сифатида нишонланиб келинмоқда. Бугун Миллий гвардия ихтисослаштирилган ўқув марказида ўтказилган тантанали тадбир ҳам халқ саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашда фидойилик билан хизмат бурчини адо этиб келаётган соҳа ходимларини муносиб тақдирлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир аввалида сўз олган Миллий гвардия қўмондони ўринбосари ҳозирда давлатимиз томонидан аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилаётган эътибор ва тиббиёт соҳасини кенг ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлигига алоҳида тўхтилди. Айниқса, пандемия даврида янада катта масъулият ва шижоат билан бурчини сидқидилдан бажараётган шифокорларнинг меҳнатига алоҳида урғу бериб ўтди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг III даражали “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони билан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Мудофаа, Ички ишлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, шунингдек, Миллий гвардия Марказий девони ва ҳудудий бўлинмаларида ҳарбий ва касбий бурчини бажариб келаётган тиббий хизмат ходимлари, шу билан бир қаторда II даражали “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони билан республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари тақдирланди.
Шу билан бирга, тизим шахсий таркиби ва уларнинг оила аъзоларига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиб келаётган барча соҳа ходимларига Миллий гвардиянинг “Эсдалик қўл соати”, “Фахрий ёрлиқ”, пул мукофотлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқлар ўз эгаларига тантанали топширилди.
Маросим сўнгида иштирокчиларга соҳа ходимлари фаолиятига бағишланган видеоролик ҳамда Маънавият ва маърифат маркази ашула ва рақс ансамбли томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Замонавий хизмат автомобилларини ҳудудий бошқармаларнинг тиббиёт бўлимларига топширилиши бўлса, байрамга муносиб совға бўлди десак муболаға бўлмайди.
Касблар орасида энг улуғ ва шарафли ҳисобланган шифокорлик касби – инсон ҳаёти ва соғлиғини сақлашдек муқаддас вазифани адо этиб келади. Инсон умри бўлса ҳар нарсадан азиздир.