Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетига 2022/2023 ўқув йили учун ўқишга кирувчи номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёни бошланди
Жамоат хавфсизлиги университетига 2022/2023 ўқув йили учун ўқишга кириш истагини билдирган номзодларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнлари бошланди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 апрелдаги ПҚ–5077-сон “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил этилди. Шу муносабат билан Университетда бир қатор бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқитиш жорий қилинди.
Қарор билан, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетидаги таълим йўналишлари (мутахассисликлари) рўйхати тасдиқланди. Хусусан,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 августдаги 500-сон “Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетига номзодларни саралаб олиш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг (кейинги ўринларда – Университет) бакалавриати кундузги ва сиртқи таълим шаклларига ҳамда магистратура мутахассисликларининг кундузги таълим шаклига номзодларни саралаб олиш ва ўқишга қабул қилиш амалга оширилади.
Низомга мувофиқ қабул комиссияси ўз фаолиятини 1 февралдан бошлайди.
Бугунги кунда жамловчи идоралар томонидан жорий йилнинг 1 февраль кунидан Университетнинг кундузги бакалавриат йўналишига ўқишга кириш истагини билдирган номзодлардан аризалар (билдиргилар) қабул қилиниши бошланди. Аризалар (билдиргилар)ни қабул қилиш жараёни жорий йилнинг 20 март кунига қадар (шу куни ҳам) давом этади.
Университетга ўқишга кириш истагини билдирган:
фуқаролар таълим йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ўзларининг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўйича бўлимларга ёки Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда – тегишли ҳудудий органлар)га ариза билан, ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ўзлари хизмат ўтаётган ҳарбий қисмга (муассасага) билдирги билан мурожаат қиладилар.
Қабул қилинган аризалар (билдиргилар) асосида тегишли ҳудудий органлар ҳамда ҳарбий қисмлар (муассасалар) томонидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилади.
Ҳужжат расмийлаштириш таълим йўналишлари бўйича қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) мудофаа ишлари бўйича бўлимлар орқали:
“Махсус вазифаларни бажариш қўшинларининг қўмондонлик-тактик фаолияти”;
“Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш”;
“Хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш”;
“Халқаро ҳарбий ҳамкорликни ҳуқуқий таъминлаш”;
“Иқтисодий хавфсизлик”;
“Аниқлаш ва қўриқлаш тизимлардан фойдаланиш бўйича қўмондонлик-муҳандислик фаолияти”;
“Қўриқлаш бўлинмаларининг қўмондонлик-тактик фаолияти”.
б) Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари орқали:
“Йўл-патруль хизматининг қўмондонлик-тактик фаолияти”;
“Патруль-пост хизматининг қўмондонлик-тактик фаолияти”;
“Паспорт тизимини ҳуқуқий таъминлаш”.
Университетга ўқишга киришни хоҳлаган номзодлар томонидан тегишли ҳудудий органларга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
ариза (билдирги);
чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси;
таржимаи ҳол;
анкета;
ўқиш, иш ёки хизматни ўташ жойидан (агар ўқиётган, ишлаётган ёки хизматни ўтаётган бўлса) тавсифнома ҳамда маълумотнома;
3 х 4 см ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз ва бурчаксиз) ҳамда 4,5 х 6 см ўлчамдаги 4 та фотосурат (бош кийимсиз);
ота-онасининг Университетга ўқишга киришига розилик хати;
Университетга ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (асли ва нусхаси);
“Халқаро ҳарбий ҳамкорликни ҳуқуқий таъминлаш” таълим йўналишига ўқишга киришни хоҳлаган номзодлар чет тилини билиш даражаси ҳақидаги халқаро тан олинган дастурлар – IELTS бўйича 5.5 балл ва ундан юқори, TOEFL бўйича 72 балл ва ундан юқори, TestDaF бўйича ТDN3 ва ундан юқори, DELF B2 ва ундан юқори сертификат ёки давлат намунасидаги В2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлганда Университетга ўқишга кириш бўйича танловда иштирок этадилар.
Қуйидаги ҳужжатлар тегишли ҳудудий органлар томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотлардан мустақил равишда, шу жумладан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади:
шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси;
маълумоти тўғрисидаги (умумий ўрта, ўрта махсус, бошланғич профессионал, ўрта профессионал, ўрта махсус профессионал) ҳужжатлар (асли ва нусхаси) ҳамда рейтинг дафтарчаси (баҳолар табели) нусхаси.
Номзодлар томонидан ҳужжатларни тақдим этишда паспорт (идентификация ID-картаси) ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат, туғилганлик ҳақида гувоҳнома, чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёхуд чақирилувчининг ҳарбий гувоҳномаси шахсан кўрсатилади.
Университетга ўқишга киришни хоҳлаган ҳарбий хизматчилар томонидан ўз хизмат ўташ жойига юқорида келтирилган ҳужжатлар билан бирга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
Университетга ўқишга киришга тавсия этиш бўйича ҳужжатлар (муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга – ҳарбий бўлинманинг умумий йиғилиши баённомасидан кўчирма);
ҳарбий қисмлар (муассасалар) ва бўлинмаларнинг командирлари (бошлиқлари) томонидан берилган тавсиянома.
Жамловчи идоралар томонидан номзодлар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, ўрганиш ва умумлаштириш, шунингдек, уларнинг жисмоний тайёргарлигини баҳолаш (бакалавриат таълим йўналишлари учун - индивидуал-психологик хусусиятлари, магистратура мутахассисликлари учун – касбий тайёргарлик ва чет тили бўйича – саралаш имтиҳонларини олиш) ва тест синовларини топширишга тавсия этиш мақсадида дастлабки саралаб олиш ишлари ташкил этилади.
Дастлабки саралаб олиш давомида қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:
ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;
якка тартибда суҳбатлашиш;
тиббий кўрикдан ўтказиш;
индивидуал-психологик ўрганиш;
умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш.
Ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш. Ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш, натижаларни таҳлил қилиш, номзод тўғрисидаги маълумотларни режали жамлаш ва тизимлаштириш, унинг ижтимоий фаоллиги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, маънавий фазилатлари ва касбий лаёқатини баҳолаш усулини қўллаган ҳолда ҳар йили 1 февралдан 31 мартга қадар (шу куни ҳам) ўтказилади.
Якка тартибда суҳбатлашиш. Якка тартибдаги суҳбат номзодлар тўғрисидаги турли маълумотларни (оилавий аҳволи, ота-оналари ва яқин қариндошларининг ҳарбий хизматга муносабати) аниқлаштириш, офицер касбини танлашининг сабабларини аниқлаш, таълим муассасасидаги ўзлаштириш ва хорижий тилларни эгаллаганлик даражасини баҳолаш мақсадида ўтказилади. Якка тартибдаги суҳбат ёшлар билан – тегишли ҳудудий органлар бўлим бошлиқлари томонидан, ҳарбий хизматчилар билан – ҳарбий қисмлар (муассасалар), бўлинмаларнинг командирлари (бошлиқлари) томонидан ўтказилади. Бунда якка тартибдаги суҳбат номзод ариза (билдирги) билан мурожаат қилган кундан бошлаб 10 кун ичида ўтказилади.
Тиббий кўрикдан ўтказиш. Бирламчи тиббий кўрик фақат ёшлар учун тегишли ҳудудий органлар ҳузуридаги тиббий комиссиялар томонидан ҳар йили 1 февралдан 31 мартга қадар (шу куни ҳам) ўтказилади.
Якуний тиббий кўрик ёшлар ва ҳарбий хизматчилар учун тегишли ҳудудий органлар ҳузуридаги ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан барча мажбурий ташхис-диагностик текширувлар амалга оширилган ҳолда ҳар йили 1 апрелдан 20 майга қадар (шу куни ҳам) ўтказилади.
Соғлиғининг ҳолатига кўра Университетда ўқишга яроқсиз деб топилган номзодлар дастлабки саралаб олишнинг кейинги босқичларига қўйилмайди.
Номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш таълим йўналишлари бўйича қуйидаги тартибда амалга оширилади:
“Махсус вазифаларни бажариш қўшинларининг қўмондонлик-тактик фаолияти”, “Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш”, “Хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш”, “Халқаро ҳарбий ҳамкорликни ҳуқуқий таъминлаш”, “Иқтисодий хавфсизлик”, “Аниқлаш ва қўриқлаш тизимлардан фойдаланиш бўйича қўмондонлик-муҳандислик фаолияти”, “Қўриқлаш бўлинмаларининг қўмондонлик-тактик фаолияти” таълим йўналишлари учун – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
25 декабрдаги ПҚ–4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ;
“Йўл-патруль хизматининг қўмондонлик-тактик фаолияти”, “Патруль-пост хизматининг қўмондонлик-тактик фаолияти”, “Паспорт тизимини ҳуқуқий таъминлаш” таълим йўналишлари учун – Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил
26 сентябрдаги 764-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ.
Номзодларнинг антропометрик кўрсаткичларига доир мезонлар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳарбий хизмат (хизмат)га қабул қилиш талабларига мувофиқ танланган мутахассисликка қараб белгиланади.
Номзодлар билан индивидуал-психологик ўрганиш тадбирлари ва умумжисмоний тайёргарлиги даражасини баҳолаш Қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида, тегишли ҳудудий органларида Қабул комиссияси таркибига киритилган мутахассислар томонидан ҳар йили 1 майдан 30 майга қадар (шу куни ҳам) ўтказилади.
Дастлабки саралаб олишдан муваффақиятли ўтган ва тест синовларида қатнашишга рухсат этилган номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдлари тўлиқ расмийлаштирилгандан кейин тегишли ҳудудий органлар ва ҳарбий қисмлар (муассасалар) томонидан ҳар йили 10 июнга қадар Қабул комиссиясига юборилади.
Қабул комиссияси томонидан тест синовларида қатнашишга рухсат этилган номзодлар ҳақидаги маълумотлар ҳар йили олий таълим муассасалари бакалавриатига ҳужжатлар қабули бошлангунга қадар Давлат тест марказига тақдим этилади.
Номзодларни Университетга ўқишга қабул қилиш Давлат тест маркази томонидан тақдим этилган тест синовлари натижалари (танловдан ташқари ва тест синовларисиз ўқишга кириш ҳуқуқига эга номзодлар бундан мустасно) асосида амалга оширилади.
Қабул комиссияси тест синовлари натижалари тақдим этилгандан кейин беш кун ичида номзодларни ўқишга қабул қилиш масаласини кўриб чиқади ҳамда баённомани расмийлаштиради ва икки кун муддатда Давлат тест марказига тақдим этади.
Қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланган баённома номзодларни Университетга ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.
Шунингдек, кейинги маълумотларда Университетнинг умумфуқаровий бакалавриат йўналиши ва магистратура босқичларига ҳамда сиртқи таълим шаклларига номзодларни қабул қилиш бўйича қўшимча маълумутлар бериб борилади.